Боғотдаги иссиқхоналарда экпортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда (+видео)
Иссиқхоналар фаолияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда муҳим аҳамиятга эга. Хоразм вилоятида ҳам бу тармоқни ривожлантириш ва иссиқхоналар самарадорлигини ошириш бўйича турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Чунки, аҳолини йилнинг кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда ҳимояланган майдон, яъни иссиқхона сабзавотчилиги муҳим аҳамиятга эга.
Боғотлик тадбиркор Фароғат Маҳмудова сўзларига кўра, иссиқхона шароитида маҳсулот етиштириш кўп меҳнат талаб этади. Бошида кўпгина йўқотишлар бўлган бўлса, бугунги кунда орттирилган тажриба юқори ҳосилдорликка замин яратмоқда.
Бугун у етиштирган маҳсулотларга жаҳон бозорларида ҳам талаб мавжуд.
– Ўзбекистоннинг иссиқхона маҳсулотларини бутун дунёда севиб истеъмол қилишади, – дейди Фароғат Маҳмудова. – Айниқса, помидоримизнинг харидори кўп. Помидорнинг, энг аввало, навини тўғри танлай билиш лозим. Бу йил биз яхши навни танлаганимиз учун ҳосил ҳам жуда мўл бўлди. Ҳар йили “Аламина” навини экар эдик, бу йил “Бетис” деган навидан ҳам экдик. Бу нав мўл ҳосил бериб, экспортбоп помидор экан.Барча етиштирган маҳсулотларимиз Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда.
Тадбиркор беш йилдан буён иссиқхона бизнеси билан шуғулланиб келмоқда. Икки гектарлик иссиқхонада 40 минг кўчат парваришланяпти. Тўрт гектарлик иссиқхонада экилган 90 минг туп помидор ва бодринг кўчатлари эса баравж ривожланиб, айни пайтда ҳосилга кирган. Бу ерда юзлаб хотин-қизлар иш билан банд бўлиб, улар иссиқхона ҳўжалиги бўйича ўз тажрибаларини ҳам ошириб боришмоқда.
[gallery-21884]
– 2019 йилдан буён шу ерда ишлайман,–дейди иссиқхона ишчиси Барно Эшметова.– Мен каби яна 30-40 нафар аёл ҳам меҳнат қилишади. Хотин-қизларимиз ишлаб, оиласига даромад олиб боришмоқда. Шунингдек, бу ерда ўрганган тажрибаси асосида ўз ҳовлисида ҳам иссиқхона ташкил қилган. Мисол учун, мен ҳам ўз уйимда кичик иссиқхона барпо қилганман.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_Q1O8bTNi1w" title="Bog‘otdagi issiqxonalarda ekportbop mahsulotlar yetishtirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳар бир кўчатга сув ва озуқа ўз вақтида талабдан келиб чиқиб етказилади. Бу эса янада табиий ва фойдали маҳсулот олинишига замин яратади. Эътиборлиси, сўнгги йилларда Боғот туманида замонавий типдаги иссиқхоналарнинг сони ортиб, қишлоқ аҳолиси учун қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари