БМТ: Украина аҳолиси орасида қурбонлар кескин кўпайди
БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқи мониторинги миссияси маълумотига кўра, 2026 йил июль ойида Украинада ҳалок бўлган ва яраланган бегуноҳ аҳоли вакиллари сони 2022 йил март ойидан бери бошқа ойларга нисбатан кескин ошган.
Ҳисоботда 437 нафар украиналик ҳаётдан кўз юмгани, 2610 киши яралангани келтирилган. Бу июнь ойига нисбатан 30, ўтган йил июль ойига нисбатан 70 фоиз кўп. Қурбон болалар сони эса 2022 йил апрель ойидан бери бошқа ойларга қараганда юқори бўлган.
Жорий йил дастлабки етти ойида ушбу давлатда уруш билан боғлиқ зўравонликдан 12 477 фуқаро (1839 киши ҳалок бўлган, 10 638 одам яраланган) жабр кўрган. Яъни, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоиз ортган – 1434 киши ҳалок бўлган ва 7216 киши яраланган, 2024 йил билан таққослаганда эса икки баробар кўп – 1188 киши жон берган, 4560 киши жароҳат олган.
Россияда ҳам оддий аҳоли орасидаги қурбонлар кўпайган. Расмийлар июль ойида 79 нафар фуқаро ҳалок бўлгани, 601 киши яраланганини айтган. Кузатув миссияси кириш ва маълумот йўқлиги сабабли, бу рақамни текшириш стандартига мувофиқ тасдиқлай олмаган.
Камида 54 бегуноҳ аҳоли вакили ҳалок бўлган, 202 одам яраланган Киев июль ойида Украинанинг энг кўп зарар кўрган шаҳарларидан биридир. Зеро, РФ Қуролли кучлари баллистик ва қанотли ракетадан фойдаланишни сезиларли даражада кучайтирди. Июлда Россия Украинага камида 429 ракета учирди. Бу июнь ойидагидан икки карра кўп.
БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича Олий комиссари бошқармаси тасдиқлаган маълумотга кўра, 2022 йил 24 февралдан бери камида 16 874 украиналик, жумладан 820 нафар бола ҳалок бўлган, 51 273 киши, жумладан 3126 бола жароҳатланган.
С.Раҳимов, ЎзА