Битирувчиларга иш таклиф этилди
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида талаба ва битирувчилар бандлигини таъминлашга қаратилган “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Ярмаркада юртимиздаги архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш йўналишларида фаолият юритаётган 60 дан ортиқ йирик компания, корхона ва ташкилотлар томонидан 1200 дан зиёд вакант иш ўринлари тақдим этилди. Жумладан, битирувчиларга Самарқанд шаҳри бўйича 760 та, Нуробод туманида 140 та, Пастдарғомда 110 та, Нарпай туманида 38 та вакант иш ўрни таклиф қилинди. Шунингдек, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги йирик корхоналар ҳам ўз таклифларини билдирди.
[gallery-28943]
Университет карьера маркази маълумотларига кўра, тадбирда 600 нафарга яқин битирувчи талаба иштирок этиб, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилди. Бу учрашувлар натижасида 80 нафарга яқин ёшлар суҳбат жараёнида ўз қизиқишларини билдирган бўлса, уларнинг 55 нафари турли шаклдаги уч томонлама шартномаларни имзолашга эришди. 17 нафар ёшлар синов муддати асосида ишга қабул қилинди, 9 нафари тўлиқ иш билан таъминланди.
Шунингдек, ярмаркада шаҳардаги техникум, коллеж ва лицей битирувчилари ҳам қатнашди. Мазкур тадбир истиқболли касб ва мутахассисликни эгаллаш учун кенг қамровли платформага айланди.
2025-2026 ўқув йилида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетини қарийб 1700 нафар битирувчи тамомлайди. Айни пайтда мазкур даргоҳда тайёрланаётган мутахассислар нафақат мамлакатимиз, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари