Бир қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.
Сирдарё вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Тянцзин шаҳрида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим тадбирлар кузатилди.
Тадбирлар доирасида Тянцзин Қишлоқ хўжалиги университетида тантанали учрашув ташкил этилди. Унда Янгиер шаҳри ҳокими Отабек Носиров, Тошкент кимё‑технология институти Янгиер филиали раҳбарияти ва илмий жамоаси, Гулистон давлат педагогика институти ректори Жаҳонгир Қаршибоев ҳамда Тянцзин Қишлоқ хўжалиги университети ректори Жин Вейвейлар иштирок этишди.

Учрашув давомида томонлар илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар йўлга қўйиш, мутахассислар алмашинувини ташкил этиш ва инноватсион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди. Суҳбатлар конструктив руҳда кечди ва қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

– Учрашувнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент кимё‑технология институти Янгиер филиали ҳузуридаги илмий-тадқиқот марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги марказ қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши, хомашёни қайта ишлаш, озиқ-овқат технологиялари ва балиқчилик соҳаларида илғор илмий тадқиқотларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифаларини бажаради, – дея маълум қилди ТКТИ Янгиер филиалининг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рустам Маҳмудов.


Янги ташкил этилган илмий-тадқиқот маркази ҳудудлараро илмий интеграцияни мустаҳкамлаш, амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва инновацияларни жорий этишда муҳим платформа вазифаларини бажаради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири