Бадиий гимнастика: «Янги Ўзбекистон» халқаро турнири ғолиблари аниқланди
Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича «Янги Ўзбекистон» халқаро турнирининг финал баҳслари якунланди.
Мусобақанинг яккалик дастурида Тахмина Икромова ҳалқа, тўп, булавалар ва тасма билан машқларда ғолиб бўлиб, тўртта олтин медалга сазовор бўлди.
Ҳалқа билан машқ бажаришда Лола Жўраева кумуш, Злата Аркатова бронза медалга сазовор бўлди. Тўп билан машқда Анастасия Саранцева ҳамда Брианна Лабадан кучли учликдан жой олди. Булавалар билан машқ бажаришда Наталья Усова кумуш, Злата Аркатова бронза медални қўлга киритган бўлса, тасма билан машқда Лола Жўраева иккинчи, Злата Аркатова учинчи ўринни эгаллади.
Гуруҳ машқларида 5 та тўп билан дастурда Мумтозабону Исҳоқзода, Эвелина Атальянц, Амалия Мамедова, Ясмина Мкртчева ва Юлия Валеватаядан иборат Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

3 та ҳалқа ва 2 та жуфт булава билан дастурда эса Диана Ҳакимова, София Усова, Иродахон Содиқова, Милана Сафина ва Ёсина Жўраевадан иборат Ўзбекистон жамоаси ғолиб дея эътироф этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА