Тошкентда юксак савияда ташкил этилган Жаҳон кубоги муваффақиятли якунланди
Тошкент шаҳридаги «Олимпия шаҳарчаси» Сув спорти саройида сузиш бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи ўз якунига етди.
«Ипак йўли» тури доирасида ташкил этилган мусобақада 40 давлатдан келган 228 нафар спортчи иштирок этди. Ушбу нуфузли мусобақа Ўзбекистонда илк бор ўтказилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди. Шунингдек, Жаҳон кубоги босқичи спортчилар учун жорий йил декабрь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан муҳим тайёргарлик мусобақаси вазифасини ўтади.
Пойтахтимиз мезбонлик қилган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари билан бир қаторда Австралия, Жазоир, Беларусь, Бельгия, Ботсвана, Буюк Британия, Венгрия, Гонконг, Исроил, Ҳиндистон, Ирландия, Испания, Италия, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Хитой, Латвия, Макао, Намибия, Нидерландия, Янги Зеландия, Ўмон, Покистон, Польша, Россия, Сальвадор, Сингапур, АҚШ, Тринидад ва Тобаго, Уганда, Финляндия, Чехия, Швейцария, Швеция, Эстония, Жанубий Африка Республикаси ва Япониядан келган сузувчилар иштирок этди. Шунингдек, беллашувларда турли сузиш клублари вакиллари ҳам стартга чиқди.
Мусобақалар 25 метрлик қисқа сув ҳавзасида ўтказилиб, спортчилар эркин усул, брасс, баттерфляй, чалқанча сузиш ва комплекс сузиш йўналишларида куч синашди.

Қувонарлиси, Жаҳон кубогининг иккинчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учта миллий рекордни янгилади. Жумладан, Илья Сибирцев 800 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида 7 дақиқа 40,77 сония натижа кўрсатиб, Ўзбекистон рекордини янгилади ва бронза медалига сазовор бўлди. Элдор Усмонов 100 метрга баттерфляй усулида сузишда масофани 51,04 сонияда босиб ўтиб, миллий рекордни янгилади. Ситора Одилова эса 100 метрга брасс усулида 1 дақиқа 13,97 сония натижа билан финишга етиб келиб, мамлакат рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Бу натижалар юртимизда сузиш спорти ривожланаётгани ва спортчиларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Мусобақа якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида Россия 5 та олтин, 8 та кумуш ва 7 та бронза, жами 20 та медаль жамғариб биринчи ўринни эгаллади. Хитой 5 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медали билан иккинчи, Бельгия эса 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалга эга бўлиб учинчи бўлди.
Нидерландия 4 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан тўртинчи, Жанубий Африка Республикаси 4 та олтин ва 1 та бронза, Клуб жамоаси 3 тадан олтин ҳамда кумуш ва 2 та бронза, АҚШ 3 тадан олтин ва кумуш ҳамда 1 та бронза, Австралия 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза, Канада 1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза, Ирландия эса 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб, кучли ўнликдан жой олди.
Маълумот учун, Жаҳон кубогининг учинчи босқичи 15–17 октябрь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА