Таэквондочиларимиз Гран-при баҳсларида иккита медални қўлга киритди
Франция пойтахти Париж шаҳрида таэквондо WT бўйича ўтказилаётган Гран-при мусобақасининг иккинчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди. Ҳамюртларимиз мусобақада биттадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.
Жумладан, -68 килограмм вазн тоифасида беллашган Нажмиддин Қосимхўжаев финалга қадар муваффақиятли етиб бориб, кумуш медални қўлга киритди. -67 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Озода Собиржонова эса мусобақани бронза медали билан якунлади.
Бугун, 11 октябрь куни Париждаги Гран-прининг ҳал қилувчи баҳслари бўлиб ўтади. Учинчи кун дастуридан ўрин олган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг бир нафар вакили — Жасурбек Жайсунов -80 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Спортчимиз мусобақани 1/8 финал босқичидан бошлайди.
Жасурбек Жайсуновнинг дастлабки рақиби Чехия вакили Томаш Ситтек ҳамда Эрон спортчиси Меҳрон Бархордарий ўртасидаги баҳсда аниқланади. Ҳамюртимиз ушбу босқичдан муваффақиятли ўтса, кейинги раундга йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА