Айдар-Арнасой кўллари энг ноёб сув ҳавзаларидан бири (+видео)
2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ерлар куни
Навоий вилояти Экология бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан 2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ерлар куни олдидан Айдар кўлнинг табиати ҳамда кўл ҳудудини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.
Айдар-Арнасой кўллари тизими юртимизнинг энг ноёб сув ҳавзаларидан бири бўлиб, 1969-1970 йилларда сув кўплигидан Чордара ГЭСи тўғон ўпирилишининг олдини олиш мақсадида сувнинг чиқариб юборилиши натижасида ҳосил бўлган. Мазкур кўл Орол денгизидан кейин Ўзбекистондаги иккинчи шўр кўл саналади.
Кўлнинг узунлиги шарқдан ғарбга томон қарийб 280-300 километрга, эни шимолдан жанубга томон 30-35 километргача чўзилган. Кўлнинг умумий майдони 3000 минг квадрат километр бўлиб, ҳавзада деярли 10 миллиард куб метр сув тўпланган. Кўлнинг ландшафти ўзига хос бўлиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга. Айдар кўл аҳоли яшайдиган жойдан узоқ бўлсада, дам олиш учун жуда қулай ҳудуд саналади. Бугунги кунда эса кўл юзаси тобора қисқариб бормоқда.
– 2024 йил 10 июндаги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг буйруғига асосан Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими ташкил қилинган, – дейди бўлим бош мутахассиси Акром Насимов. – Бўлимнинг Навоий вилояти ҳудудида 5 киши фаолият олиб борамиз. Конимех туманида Боймурод ва Нурота туманида Қизилча постларимиз ташкил қилинган. Постларда инспекторларимиз кеча-ю кундуз навбатчилик асосида хизмат вазифасини олиб боради. Бизнинг фаолият олиб боришимиз учун замонавий моторли қайиқ ва Нива русумли автомашина берилган. Бу ерда куз-қиш мавсумида қушлар кўп учрайди. Улар куз мавсумида келиб қишлайди, баҳорда эса учиб кетади. Кўлда саноат мақсадида балиқ овловчи тадбиркорларимиз бор. Улар белгиланган мавсумда балиқ овлашади. Уларнинг табиатдан тўғри фойдаланишини назорат қиламиз. Белгиланган тартибда назорат тадбирларини олиб борамиз.
2008 йил 20 октябрда Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар рўйхатига киритилган.
Маълумки, 1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида “Сувда сузувчи қушлар яшаши учун халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқлик ҳудудлари тўғрисида”ги конвенция тузилган. Ҳозирда 170 дан ортиқ мамлакат унинг иштирокчиси саналади. Ўзбекистон ҳам 2001 йилда мазкур конвенцияга қўшилган. Дунёдаги халқаро аҳамиятга эга бўлган 2400 дан ортиқ сув-ботқоқлик ҳудудлари конвенция рўйхатига киритилган.
Рамсар конвенциясининг мақсади географик жойлашишидан қатъий назар, биологик хилма-хилликни сақлаш учун зарур бўлган энг қимматли сув-ботқоқлик ҳудудларининг халқаро тармоғини ривожлантириш ва бошқариш, сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойларини ҳимоя қилишдир. Конвенция низомига мувофиқ, агар қайси бир давлат Рамсар рўйхатига киритилган объектнинг чегарасини кичрайтирса ёки ундан чиқарса, имкони борича, йўқотилган сув-ботқоқлик ҳудуди ресурсининг ўрнини қоплаши, яъни сувда сузувчи қушлар учун қўшимча шароит яратиши лозим. Шу билан бирга, уларнинг олдинги яшаш муҳити муҳофазасини ташкил қилиши зарур.
– Навоий вилояти ўзининг фауна ва флора дунёси билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Айниқса, бу ерда кўлларнинг кўплиги алоҳида эътиборга молик, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов. – Таъкидлаш ўринлики, республикамизда 4 та сув ҳавзаси Рамсар конвенциясига киритилган бўлса, уларнинг 3 таси Навоий вилояти ҳудудида жойлашган. Булар Айдар-Арнасой, Тўдакўл ва Қуйимозор сув ҳавзаларидир. Бугун журналистларимиз Айдар-Арнасой кўллар тизимида қушлар учиб келиши, уларни муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, ҳудуднинг инфраструктурасини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
[gallery-21563]
Айдаркўлда сув ости оқимлари мавжуд эмас. Ғарб томон қанчалик борилса, сув шунчалик шўрроқ. Ғарбдаги минерализация – бир литрга 8 граммдан кўпроқ. Шарқий томонда эса 3-5 грамм бўлиб, биоорганик ҳаёт шароитини яратади. Кўлда балиқларнинг сазан, оққайроқ, зоғора, лаққа, лешсимон майда балиқ, судак каби турларини, қирғоқларида кўплаб сувда сузувчи қуш турларини, жумладан, пушти пеликан, оққуш, балиқчи ўрдак, ғоз, тустовуқ, оқ қўтон ва бошқаларни учратиш мумкин.
Пресс тур давомида ОАВ вакиллари тизим ходимлари иш фаолияти билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/Z0BLtZSYCmI" title="2-fevral – Butunjahon suvli-botqoqli yerlar kuni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари