“Асал байрами” 21 декабрга қадар узайтирилди
Тошкент шаҳридаги «Анҳор» (Локомотив) боғида ўтказилаётган “Асал байрами” VI Халқаро кўргазма-ярмаркаси жорий йилнинг 21 декабрига қадар давом этади.
“Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ярмаркага бўлган юқори қизиқиш, шунингдек, харидорларнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, тадбир муддати узайтирилди.
Тадбирда мамлакатнинг барча вилоятларидан 400 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар, шунингдек, соҳанинг 1500 га яқин илғор вакиллари иштирок этмоқда.

Кўргазма-ярмаркага Россия Федерацияси, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатларидан нуфузли меҳмонлар, профессор-олимлар ҳамда кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар ташриф буюрди.
Тошкент шаҳрида ўтаётган анъанавий ярмарка бу йил ҳам турли ҳудудлардан келган асаларичилар ва меҳмонларни бир майдонда жамлади. Бу ерда табиий асал савдоси билан бир қаторда, асаларичилар учун зарур ускуналар, турли ҳажмдаги уялар ва хизматлар ҳам тақдим этилмоқда.

Ярмарка давомида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари сифатли, табиий ва арзон асал ҳамда асал маҳсулотларини харид қилиш имкониятига эга. Харидорлар оқими узилмаяпти.
Ярмарка доирасида асаларичилик соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар ҳам эътироф этилди. Хусусан, “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган Аюбхон Тошбоевнинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан тақдирлаш маросими ўтказилди.

Шунингдек, 85 ёшни қарши олаётган, касби тиш шифокори бўлишига қарамасдан 65 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Турсунхўжа Тожихўжаев ҳам тадбирнинг энг ҳурматли иштирокчиларидан бўлди.
— Асосий мутахассислигим тиш шифокори. Лекин асаларичилик ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган, — дейди Турсунхўжа Тожихўжаев. — Бу соҳа менга сабр, аниқлик ва меҳнатсеварликни ўргатган. Қизиғи шундаки, асал инсон саломатлиги учун ҳам жуда фойдали. Шу жиҳатдан икки соҳа бир-бирига яқин. Асаларичилик — бу мен учун шунчаки ҳунар эмас, балки ҳаёт мазмуни.
Унинг таъкидлашича, асалари уялари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, хусусан Оқсоқота ва Пском ҳудудларида жойлашган бўлиб, бу ҳудудлар табиий ўсимликларга бой ва экологик тоза. Шу сабаб маҳсулотлар ҳам сифатли ва шифобахш ҳисобланади.

— Ҳар бир харидорга асал турлари, уларнинг фойдаси ва тўғри истеъмол қилиш тартибини тушунтириб бераман. Чунки асал шунчаки ширинлик эмас, у даво, — дейди у.
Ярмаркада учинчи авлод асаларичиси сифатида иштирок этаётган Эдуард Литвиненко ҳам харидорлар эътиборини тортмоқда. У турмуш ўртоғи билан бирга ҳар бир маҳсулот ҳақида батафсил маълумот бериб, касбий ёндашув намунасини кўрсатмоқда.
— Бувамдан бошланган бу касбни ҳозир мен давом эттиряпман. 40 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келамиз. Ҳозирда 78 та асалари оиламиз бор, — дейди Эдуард Литвиненко. — Асал маҳсулотларини қадоқлаб, шартномалар асосида савдо тармоқларига етказиб беряпмиз. Келгуси йилдан Тошкентдаги супермаркетлар билан ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор.

Унинг таъкидлашича, “Асал байрами” нафақат савдо майдони, балки тажриба алмашиш, соҳа вакилларини рағбатлантириш ҳамда миллий маҳсулотни тарғиб қилиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Тадбир доирасида фахрий ва фаол асаларичиларга уюшма сертификатлари, гувоҳномалар, вимпеллар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги «Анҳор» (Локомотив) боғида ўтаётган VI Халқаро асаларичилик ярмаркаси 21 декабрга қадар давом этади. Дам олиш кунлари ярмаркага ташриф буюриб, сифатли ва табиий асал маҳсулотларини харид қилиш имконияти мавжуд.
Ш.Маматуропова,
ЎзА