Аскарлар Ватанга қасамёд қилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Когон туманидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳам иштирок этиб, фарзандлари учун яратилган шарт-шароитлар — яшаш, овқатланиш ва маданий ҳордиқ чиқариш имкониятлари билан яқиндан танишди.
Тадбирда Қоровул қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Даврон Ашуров, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, Когон тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда ҳарбий қисм фахрийлари иштирок этди.
— Ватанга садоқат қасамёдини қабул қилаётганимдан фахрланаман, - дейди Тошкент шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Усмонали Тўхтамуродов. — Аскарлик мен учун юксак шараф. Келгусида ҳарбий хизматни шартнома асосида давом эттириш ниятидаман.
[gallery-28642]
Маросимда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, муддатли ҳарбий хизмат тизимининг такомиллаштирилиши, сафарбарлик-чақирув резерви жорий этилиши, шартнома асосида хизмат қилувчилар сонининг оширилиши ҳамда ҳарбий тайёргарлик тизимининг модернизация қилиниши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА