Асака адирликларида 600 гeктар интенсив боғ ташкил этилмоқда
Андижон вилояти Асака тумани Соҳибкор массиви ҳудудидаги адирликларда тадбиркорлар томонидан 600 гектар майдонда интенсив боғ, замонавий узумзор ва дам олиш маскани ташкил этилмоқда.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур ҳудудда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди, мутасаддилар билан мулоқот ўтказди. Аввал фойдаланилмасдан ётган мазкур ҳудудда ўзлаштириш ишлари бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, ўтган қисқа муддат давомида 100 гектардан ортиқ майдон ўзлаштирилиб, кўчат экишга тайёрланди.
– Вилоятимизда экин майдонлари чекланган, – дейди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов. – Шу боис, унумсиз ерларнинг унумдорлигини ошириш, фойдаланилмасдан турган адир ҳудудларини ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, қолаверса, йилдан йилга ортиб бораётган аҳолининг талабини қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, амалга оширилаётган мазкур йирик лойиҳа асосида нафақат мева ва узум етиштириш ҳажми ортади, балки 800 та доимий, 5 минг 400 та мавсумий янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда экотуризмни ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Яъни аҳолининг баҳаво, гўзал табиат бағрида мириқиб дам олишлари учун икки қаватли дам олиш маскани қад ростламоқда.
Вилоят ҳокими туман сектор раҳбарлари, лойиҳани амалга ошираётган мутасадди ва мутахассислар, қурувчилар билан мулоқотда келгусида ўзлаштирилган майдонларга экилиши керак бўлган узум, шафтоли навларини тўғри танлаш, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш, қурилиш ишларини сифатли олиб бориш юзасидан тегишли топшириқ ҳамда тавсиялар берди.
[gallery-8134]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото) ЎзА