Андижонда саломатлик тадбирлари
7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарлари, тиббиёт муассасаларида “Саломатлик марафони” доирасида бепул тиббий кўриклар, саломатлик тадбирлари, спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Кейинги йилларида юртимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, айниқса, оналар ва болалар, ногирон, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан вилоятдаги тиббиёт муассасаларида ўтказилган саломатлик тадбирлари ана шу йўналишдаги ишлардан саналади.

Вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларида тажрибали ва малакали шифокорлар иштирокидаги бепул тиббий кўрикларда аҳолининг саломатлиги назоратдан ўтказилди. Кўриклар нафақат туман, шаҳар марказларида, балки чекка ва олис ҳудудларда ҳам ташкил этилиб, аҳоли учун сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди.

Жумладан, Избоскан тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг Тўрткўл бўлимида 500 нафар фуқаро малакали шифокорлар кўригидан ўтди. Кўрик давомида турли касалликлари борлиги аниқланган фуқароларга даволаниш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Туманда ўтказилган “Саломатлик марафони” тадбирлари доирасида аҳоли вакиллари иштирокида эрталабки бадантарбия машқлари, “Саломатлик сари 5000 қадам” шиори остида юриш марафони ўтказилди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида спортнинг 100 метрга югуриш, арқон тортиш, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш, соғлом ва тўғри овқатланиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 8-оилавий поликлиникасида ташкил этилган кўрикда ҳудуддаги кўплаб аҳоли вакиллари иштирок этди.
– Тиббий кўрикка жуда кўп фуқаролар ташриф буюрди, – дейди Андижон шаҳар 8-оилавий поликлиника шифокори Зайнобиддин Низомов. – Кўрик давомида хирургик касалликлар бўйича 45 нафардан ортиқ фуқарони саломатлигини назоратдан ўтказдим. Уларга хасталик, даволаниш бўйича зарур тавсиялар бердим, 4 нафар фуқарони бепул даволаниши учун электрон ордер асосида ихтисослаштирилган марказларга йўналтирдим. Бундан ташқари, кўрик доирасида ҳудудимиздаги юролмайдиган 3 нафар фуқаронинг хонадонига бориб, саломатликларини назоратдан ўтказдим.

– Кунлик 500 қатновга мўлжалланган поликлиникамиз Андижон шаҳрининг 18 та маҳалласида истиқомат қилувчи 61 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, – дейди Андижон шаҳридаги 1-оилавий поликлиника бош шифокори Муҳаррамхон Раҳмонова. – “Саломатлик тадбири”ни юқори савияда ўтказиш учун зарур барча шароитлар яратилди, кўрикка поликлиникамиз шифокорларидан ташқари, вилоят тиббий муассасаларидан ҳам тажрибали шифокорлар таклиф этилди.
Тадбир давомида аҳолининг саломатлиги тор ихтисосликлар бўйича мутахассислар, шунингдек, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан текширувлар ўтказилди. Айниқса, оналар ва болалар ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлиги ҳамда аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саломатлик тадбирларига ташриф буюрган юртдошларимизнинг қайси бири билан суҳбатлашмайлик, шифокорлардан зарур маслаҳат ва тавсиялар олаётганликлари, юртимизда инсонлар саломатлигини сақлашга берилаётган эътибордан мамнун эканликларини изҳор этди.
Тадбирлар давомида шифокорлар томонидан аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, тарғиб этиш бўйича ҳам суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.