Барқарор тараққиёт учун умумий масъулият ҳисси муҳим
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига
Ватанни севмоқ иймон ва эътиқод мезонларини белгилаб беради. Миллий мустақиллигимиз, мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси асосида бунёд этилгани сир эмас. Бу йўлда, истиқлол умидида жонини фидо қилган аждодларимиз орзу-умидлари бугун юртимизда қарор топаётган тинчлик, барқарорлик ва тараққиётда ўз ифодасини топмоқда.
Шу кунларда Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мантиқий давоми бўлиб, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларимизни яна бир бор намоён этмоқда.
Ўттиз беш йил тарих мезонида улкан давр сифатида баҳоланмаслиги мумкин. Бироқ Ўзбекистон давлатчилиги тараққиёти нуқтаи назаридан қаралганда мазкур йиллар давомида амалга оширилган стратегик ислоҳотлар, улуғ мақсад йўлида рўёбга чиқарилган кенг қамровли янгиланишлар нафақат миллий тараққиётимизда акс этди, балки жаҳон ҳамжамияти эътиборини ҳам тортди.
Мазкур давр мобайнида Янги Ўзбекистоннинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаган тарихий ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон қадри, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни олий қадрият сифатида конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Шунингдек, инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ишлаб чиқилди. Бу йўлда буюк мақсадларни ўзида мужассам этган “Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш” ғояси илгари сурилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон дунёга очилди. Дунё ҳам ўз навбатида Янги Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирди. Яхши қўшничилик алоқалари мустаҳкамланиб, уларнинг ички сиёсатига аралашмаслик, ташқи сиёсатда эса тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилиш каби улуғвор мақсадлар илгари сурилмоқда.
Дарҳақиқат, халқимиз ҳаётида рўй берган ўзгаришлар, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб бораётгани, ҳамма ишлар “инсон” ва “инсон қадри” учун тамойили асосида олиб борилаётгани эътиборга молик.
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак” тамойили асосида аҳоли мурожаатларининг ижобий ечим топаётгани, иқтисодий-ижтимоий хизмат турлари жаҳон стандартлари асосида амалга оширилаётгани, рақамли хизмат соҳалари ривожланаётгани ҳам фикримиз исботидир.
Хотин-қизлар ва ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, бу йўналишда 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.
Бугунги кунга келиб мамлакатимизда 230 мингга яқин тадбиркор аёллар қатлами шаклланди. Шунингдек, 6 мингга яқин олима аёлларимиз илм-фан соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Эътиборлиси, ўтган йил давомида қизларимиз халқаро мусобақаларда 167 та олтин, 193 та кумуш ва 230 та бронза медалларни қўлга киритди. Бу каби ютуқлар ҳам юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самараси ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқнинг парламентдаги аёллар улуши бўйича рейтингида 92-поғонадан 36-ўринга кўтарилгани, “Гендер тенглик ва бошқарув индекси”да 103-ўриндан 52-ўринга яхшилангани, шунингдек, Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 43 поғонага илгарилаб, 48-ўринни эгаллагани бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда. Мазкур кўрсаткичлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасида олиб борилаётган сиёсат натижасидир.
Зеро, Президентимиз: “Менинг асосий мақсадим – тинчлик ва тараққиёт барқарор бўлган, одамлари бахтиёр ҳаёт кечирадиган, дунёда ўз ўрни ва сўзига эга бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишдан иборат”, дея таъкидлаганлари ҳам бежиз эмас.
“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор барчамизни “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя атрофида бирлаштирмоқда.
Бу асосда республика бўйлаб кенг кўламдаги маънавий-маърифий ва ижтимоий лойиҳаларни ўз ичига олган “Мустақиллик тўйи” (фестивали) тадбирларини ўтказиш белгиланди. Мазкур тарғибот тадбирларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар шакллантирилиб, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши белгиланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази бириктирилган вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлигини ўзида акс эттирган “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-альбомини тайёрлаш учун амалий ишлар бошланди.
“Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлилий ёритилиб, эришилган ютуқлар ва натижалар ҳақида қизиқарли маълумотларни ўз ичига олади.
Шу тариқа унда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимизнинг фаровон турмуш тарзи, тинч ва осуда ҳаётимизни асраб-авайлаш, авлодларимизга озод ва обод Ватанни мерос қолдиришдек мақсадлар жамланмоқда.
Зеро, Янги Ўзбекистон барчамизники, янги келажак яратишга ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази бош мутахассиси.
ЎзА