Тиббиёт хабарлари
Шу йилнинг 8-10 апрель кунлари Самарқандда ўтказилаётган Туркий давлатлар онкологларининг II Конгрессида юртимиз вакилларидан ташқари Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва бошқа давлатлардан 300 нафардан ортиқ олимлар, соҳа экспертлари ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида турли давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи онкология марказлари раҳбарлари иштироки режалаштирилган.
Шундан сўнг конгресс доирасида ўпка ва кўкрак бези саратони, гастроинтестинал, гинекологик ҳамда бошқа онкологик касалликлар бўйича илмий сессиялар ўтказилади. Муҳокамаларда неоадъювант ва адъювант терапия, PD-L1 ингибиторлари, индивидуал даволаш стратегиялари ҳамда клиник қарор қабул қилиш алгоритмлари кенг муҳокама этилади.
Конгресснинг учинчи кунидаги мулоқотларда рационал дори-дармонларни қўллаш, замонавий фармакотерапия стратегиялари ва даволаш самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Анжуман якунида халқаро экспертлар иштирокида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олиниши кўзда тутилган.
***
Дунёда 10 500 дан ортиқ ноёб касалликлар мавжуд. Жаҳонда етакчи бўлган “Global Genes” ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир сайёрамиз бўйича 10 мингта шундай хасталик мавжуд ва уларнинг тахминан 80 фоизи генетик хусусиятга эга.
Аксарият орфан касалликларнинг аломатлари дарҳол пайдо бўлмаса-да, беморни ҳаёти давомида безовта қилади. Бу хасталиклар кўпинча болаликда ўзини намоён этади. Баъзилари шунчалик кам учрайдики, дунё тарихида атиги бир нечта ҳолатлар қайд этилган, холос. Масалан, Филдс (Fields condition) энг ноёб касаллик бўлиб, ҳозирга қадар атиги учта ҳолат рўйхатга олинган.
Иккинчи энг кам учрайдиган хасталик – Рибозо-5-фосфат изомераза етишмовчилиги. Йигирма етти йиллик тадқиқот даврида атиги тўрт нафар беморга шу ташхис қўйилган.
Аксарият орфан касалликларни аниқлаш қийинлигини инобатга олган ҳолда кўп давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам уларни эрта диагностика қилиш учун неонатал скрининг усули қўлланилади.
***
Нукус шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасида ўтказилган “Табассум ҳадя этамиз” («Дарим улыбку») халқаро фонди иштирокидаги хайрия акциясида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасидан бир неча босқичда жажжи беморлар саралаб олинди. Дастлаб Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан 2000 нафардан ортиқ ўғил-қизлар кўрикдан ўтказилди ва улардан 270 нафардан ортиғи танлаб олинди.
Ушбу болаларнинг ҳар бирида 40 йиллик тажрибага эга, жаҳоннинг машҳур пластик жарроҳи Ҳасан Баиев томонидан тиббий текширувлар амалга оширилди. Натижада улар орасидан жарроҳлик амалиётларини ўтказишга муҳтож кичик ёшли беморлар саралаб олиниб, Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасига ётқизилди.
Эътиборлиси, бу ўғил-қизлар орасида Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларидан келганлар ҳам бор.
Кеча, 7 апрель куни Ҳасан Баиев бошчилигида 25 нафар болада, бугун, 8 апрелда эса яна 22 нафар жажжи беморда операциялар бажарилди.
Муҳими, акция доирасида туғма танглай ва лаб кемтиги бўлган болалардаги операциялардан ташқари бир қанча уникал амалиётлар ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, қулоқ супраси бўлмаган бемор болаларда бу орган тиклаб берилди.
Хайрия акцияси доирасида жами 70 нафардан ортиқ беморларда жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА