Амударёда ичимлик сув таъминоти яхшиланади
“Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан Амударё туманида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Унда, Қорақалпоғистон Республикаси, шу жумладан, Амударё тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация хизматлари кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Нукус ва Мўйноқ туманларидаги аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг сифатли ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2018 йил 28 декабрда қиймати 145,0 миллион АҚШ доллари миқдорида битим имзоланди.
2026 йилда республика аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида жами 12 та лойиҳада узунлиги 154,4 километр ичимлик ва оқова сув тармоғини, 11 та сув иншоотини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар натижасида Оролбўйидаги 10 минг 533 хонадон 57 минг 546 нафар кишининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Шундан 2 минг 44 хонадондан 11 минг 13 нафар киши ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари дастур асосида 1 минг 728 та хонадонга ички ичимлик суви тармоғи қурилиб, сув ҳисоблагичлар ўрнатилади.
[gallery-28940]
Бугунги кунда Осиё тараққиёт банки иштирокидаги ушбу лойиҳа доирасида Амударё туманида қуввати суткасига 40 минг м3 бўлган “Манғит” сув тозалаш иншооти қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Шартнома қиймати 12,99 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу иншоот қурилиши Хоразм вилоятидаги “Оби ҳаёт инжиниринг” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда.
Сув тозалаш иншооти қурилиш қурувчиларнинг самарали меҳнат қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Улар махсус кийим-кечак ҳам иссиқ овқат билан таъминланган. Бу ердаги лабораториялар ва сувни етказиб берувчи иншоотлар Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Уларнинг барчаси автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.
Лойиҳа доирасида Амударё тумани аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 15 та овул ва маҳаллаларда ичимлик 3 та сув тақсимлаш иншооти, 354 километр сув тармоғи, 6 та сув резервуарини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 11 минг 991 та сув ҳисоблагичларни ўрнатиш кўзда тутилган. Бугунги кунда “РУ-1”, “Қуюк-кўпир” ва “Киличбай” сув тақсимлаш иншоотларида (СТИ) қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда ва жами 319 километр сув тармоғи тортилган.
Таъкидлаш жоизки, туман бўйича 56 минг нафардан зиёд аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 22 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Туман ҳудудидаги ҳар бир хонадонга ичимлик суви етказиб берилади. Натижада туман аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 80 фоизга етказилиши кутилмоқда.
Тадбир иштирокчилари “Манғит” сув тозалаш иншооти ва “РУ-1” сув тақсимлаш иншоотини янгидан қуриш, янги ичимлик сув тармоғини тортиш ишлари билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.