«After Us» кўргазмаси: авлодлар учун қандай дунё қолади?
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси навбатдаги бетакрор, қизиқарли ва мушоҳадага чорловчи ижодий кўргазма билан томошабинларни ўз бағрига чорламоқда.
Бу ерда «5+1» ижодий гуруҳи томонидан замонавий даврнинг энг долзарб масалаларидан бири — экологик муаммолар ҳамда инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги муносабатларга бағишланган «After Us» кўргазма лойиҳаси тақдим этилмоқда.
Кўргазма номи томошабинни келажак ҳақида ўйлашга ундайди: биздан кейин қандай дунё қолади? Келажак авлодларга нималар мерос бўлиб ўтади? Инсоният табиатга аралашуви учун бугун қандай бадал тўламоқда?
[gallery-29819]
Экспозициядан ўрин олган асарларни томоша қилган ҳар бир инсонда шу ҳақдаги мулоҳазалар уйғонади: бугунги кунда табиатга, илм-фанга ва бир-биримизга бўлган муносабатимиз эртанги дунёнинг пойдеворини яратмоқда. Технологиялар асрида яшар эканмиз, виждон ва маънавиятни асраб қолиш фарзандларимизга қолдирадиган энг катта меросимиз экани ҳақида ўйга толамиз.
Сувнинг ҳар бир томчисини, ернинг ҳар бир қаричини асраш орқали келажакни очлик ва қурғоқчилик хавфидан муҳофаза қилишимиз мумкин. Агар инсоният фақат моддий бойлик ортидан қувса, эртанги кунга совуқ, жонсиз ва руҳсиз олам қолиши эҳтимолдан холи эмас. Биздан кейин қоладиган дунёнинг қиёфаси бугун амалга ошираётган ҳар бир кичик, аммо эзгу танловимизда намоён бўлади. Шу боис, келажак авлодларга нафақат ривожланган шаҳарлар, балки мусаффо табиат ва тоза виждонни ҳам мерос қилиб қолдириш бурчимиздир.
Экспозицияда экологик муаммолар мавзусида яратилган, бироқ уни турли бадиий шакллар ва муаллифлик ёндашувлари орқали талқин этувчи асарлар намойиш этилмоқда.
Кўргазмада Диёр Розиқов, Санжар Жабборов, Шарифа Шарафхўжаева, Дониёр Шарафхўжаев ва Нуриддин Расулов каби ижодкорларнинг асарлари билан танишиш мумкин.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари