Маданият пойтахтига айланган шаҳардан эътирофлар (+видео)
Бобур шаҳрида Андижоннинг “Туркий дунё маданият пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилаётган халқаро маданий тадбирларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу нафақат Андижон, балки бутун Ўзбекистон маданий ҳаётида муҳим саҳифа очди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, ташкилотга аъзо давлатлардан ташриф буюрган расмийлар, санъаткорлар, меҳмонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим аввалида маданият вазири Озодбек Назарбеков Президент табригини ўқиб эшиттирди. Бу табрик Андижонга берилган юксак эътирофнинг давлат миқёсидаги аҳамиятини янада очиб берди.
Вазирнинг чиқишида асосий урғу ёшларга қаратилди. Унинг таъкидлашича, Андижон ёшларининг миллий қадриятларга муносабати бугун шаҳарнинг келажагини белгилайдиган муҳим омиллардан бири.
-Андижон халқига қараб, айниқса ёшлар руҳияти ва фаоллигини кўриб, бир нарсани аниқ ҳис қилиш мумкин — андижонлик ёшлар миллий қадриятларимизни чуқур англаб, уларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратмоқда, — деди Озодбек Назарбеков.
Бу фикрлар бежиз эмас. Чунки маданият пойтахти мақоми фақат тадбирлар ўтказиш билан эмас, уни давом эттирадиган авлоднинг маънавий тайёргарлиги билан ҳам ўлчанади.
Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари Султон Раев эса Андижонга берилган ушбу мақомнинг кенг қамровли аҳамиятига тўхталди. Унинг айтишича, бу қарор нафақат шаҳар, балки бутун туркий дунё маданий ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб беради.
-2026 йил давомида Андижонда театр фестиваллари, ёзувчилар учрашувлари, анжуманлар ва қатор йирик маданий лойиҳалар бўлиб ўтади. Бу халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлайди, — деди Султон Раев.
Бу эса Андижонни бир йил давомида туркий халқларнинг маданий мулоқот марказига айлантириши кутилмоқда. Айниқса, шаҳарнинг бой тарихи ва мероси бу жараёнга алоҳида мазмун бағишлайди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эса ушбу эътирофни Андижон аҳлига бўлган ишонч ва эҳтиром сифатида баҳолади.
Дарҳақиқат, маданият пойтахти мақоми фақат маънавий эмас, иқтисодий ва туристик жиҳатдан ҳам катта имконият эшигини очади. Бу эса Андижоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Тантанали очилиш маросимида янграган ушбу фикрлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: Андижон энди фақат тарихий шаҳар эмас, балки туркий халқларни бирлаштирадиган муҳим маданий майдонга айланмоқда. Бу эътироф эса шаҳарнинг бугунги салоҳияти ва эртанги истиқболининг ёрқин ифодасидир.
<iframe width="873" height="491" src="https://www.youtube.com/embed/-Cxj04tq_OM" title="Madaniyat poytaxtiga aylangan shahardan muhim e’tiroflar " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат, видео),ЎзА мухбирлари