Маданиятлараро мулоқот – ўзаро ишонч ва барқарорлик демак
Ўзбекистон ШҲТнинг маданий лойиҳаларида фаол иштирок этиб, кино, театр, мусиқа, рақс санъати ва музейлар фаолияти йўналишларида яқин стратегик давлатлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Айни кунларда Наманган шаҳрида учинчи халқаро мақом санъати анжумани қизғин руҳда давом этмоқда. Санъат шинавандалари дунёнинг турли бурчакларидан келган жамоалар ҳамда хонандалар ижросида классик тароналар ва наволардан баҳраманд бўлиш асносида, иштирокчилар мақом йўналишида илмий-амалий музокараларда долзарб мавзуларни муҳокама қилишаётир.
Нуфузли анжуман доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар иштирокида “Маданиятлараро мулоқот – тинчлик, ўзаро ишонч ва барқарорлик омили” мавзусида форум ҳам айни шунга қаратилди.


Форумда йирик ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги маданиятлараро ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, умумий маданий меросни асраб-авайлаш масалалари хусусида сўз борди.
Унда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг маданият вазирлари, “АЙСEСКО”, “ЮНEСКО”, Туркий давлатлар ташкилоти, “ТУРКСОЙ”, Туркий маданият ва мерос фонди каби халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, санъат ва маданият соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ШҲТнинг маданий лойиҳаларида фаол иштирок этиб, кино, театр, мусиқа, рақс санъати ва музейлар фаолияти йўналишларида яқин стратегик давлатлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.


Сўзга чиққанлар айтиб ўтишганидек, маданий-гуманитар ҳамкорлик ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ташкилотга аъзо давлатлар ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик, ишонч ва маданий хилма-хиллик тамойиллари асосида ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда.
Жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил топганининг йигирма беш йиллиги нишонланаётгани анжуманга алоҳида рамзий аҳамият бағишлади. Сўзга чиққанлар ўтган давр мобайнида ШҲТ сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйган нуфузли халқаро тузилмага айланди.
Тадбирда маданий меросни рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро форум ва фестиваллардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Халқаро санъат фестивали мақомнинг умрбоқий меросини келажак авлодларга етказувчи, эллар орасидаги ўзаро биродарлик ва маданий мулоқотни мустаҳкамлайдиган муҳим халқаро майдонга айланиб бормоқда.
Қолаверса, “Маданият кунлари” тадбирларини ўтказиш, қўшма театр гастроллари, музей кўргазмалари ва халқаро фестивалларда ўзаро қатнашиш маданий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир.
Бугунги глобаллашув шароитида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, эски қолипларни бартараф этиш ҳамда турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотни кенгайтириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган учинчи Халқаро мақом санъати анжумани ШҲТ маконида маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Форумда ШҲТ мамлакатлари аҳолиси сони 3 миллиард кишидан зиёд экани, бу эса дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилиши, мазкур салоҳиятдан самарали фойдаланиш, қўшма маданий лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида ташкилотга аъзо давлатлар олдида турган устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, миллий анъана ва қадриятларни асрашга қаратилган маданий лойиҳаларни амалга ошириш, маданий меросни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали уни сақлаш, ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро форум ва фестиваллардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум якунида, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ШҲТ маконида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашув муҳитини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, “Шанхай руҳи” тамойилларини амалда рўёбга чиқариш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири