28 нафар бола оила муҳитига қайтарилди
Қашқадарё вилоятида ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни оила муҳитида тарбиялашга қаратилган янги тизим босқичма-босқич жорий этилмоқда. Унда асосий эътибор болаларни институционал муассасалардан оилавий муҳитга қайтаришга қаратилган.
Шу муносабат билан жорий йилда Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида тарбияланаётган 28 нафар бола оила бағрига қайтарилди.

Мутахассислар таъкидлашича, болаларнинг оила муҳитида улғайиши уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланиши учун муҳим омил ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, оилага қайтарилган болалар билан “Инсон” маркази ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар томонидан манзилли ишлар йўлга қўйилган. Улар “Кундузги парвариш хизмати”, уйда таълим каби хизматлар билан қамраб олинган.


Қайд этилишича, бу каби чора-тадбирлар ногиронлиги бўлган болаларни жамиятга мослаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда тўлақонли ҳаёт кечиришларига хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири