Яшил ҳудудлар — экологик барқарорлик асоси
Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли учун қулай яшил ҳудудлар барпо этиш долзарб вазифалардан бирига айланган. Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган.
Хусусан, лойиҳанинг жорий йилги кузги мавсумида вилоят бўйича 11 миллион 358 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатларини экиш белгиланган. Шунингдек, баҳор ва куз мавсумларида жами 26 та “Яшил боғ” барпо этилади. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида эса вилоятнинг 22 та туман ва шаҳрида биттадан “Яшил боғ” ҳамда “Яшил жамоат парки” ташкил этилади.

Ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилаш ва яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида бир қатор йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилади. Жумладан, Қибрай туманидаги “Янги арғин” МФЙ ҳудудида 16,5 гектар майдонда “Дендрология боғи”, Нурафшон шаҳрининг Қумовул маҳалласида 14,4 гектар майдонда “Ботаника боғи”, Бекобод туманидаги Дўстлик маҳалласида эса 65 гектар майдонда “Экопарк” барпо этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида иккитадан, жами 44 та “Сояли сайр кўчаси” ташкил этилади.

Саноат корхоналари атрофида яшил ҳудудларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун 173 та йирик саноат корхонаси атрофида 1,3 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилади. Шунингдек, Тошкент шаҳри билан туташ 9 та туман ва шаҳар ҳудудида 164 гектар майдонда “Яшил белбоғ”лар ташкил этиш ҳамда ҳар бир маҳаллада микроўрмонлар барпо қилиш кўзда тутилган.
Айни пайтда белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалий ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, Тошкент кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида кузги кўчат экиш мавсуми қизғин давом этмоқда. “Электрон ҳукумат мослашув маркази” ДУК билан тузилган шартнома асосида Ўрта Чирчиқ туманидаги Туябўғиз ўрмон бўлими ҳудудининг 3,2 гектар майдонида 2х2 схемада 8 минг туп қайрағоч кўчати экиш ишлари бошланган.

Шунингдек, жорий йилги куз мавсумида Пискент туманидаги И.Ҳайдаров массиви ҳамда Ангрен ўрмон бўлими ҳудудларида 32 гектар майдонда 4х3 схемада 26 минг 400 туп қайрағоч, заранг, шумтол ва бошқа қурғоқчиликка чидамли дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Мазкур тадбирлар чўлланиш, қум кўчиши, сув ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш, ҳудудларда экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифаларга мансуб саноат корхоналари атрофида «Яшил белбоғ»лар барпо этиш мақсадида жами 91 гектар майдонда 180 минг туп кўчат экиш ишлари бошланмоқда. Зеро, бугун экилган ҳар бир кўчат келажак авлод учун соғлом экологик муҳит, мусаффо ҳаво ва обод ҳудудлар яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.
А.Мусаев,ЎзА