Янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланди
Жамоат хавфсизлиги — осойишта ҳаёт, барқарор тараққиёт ва аҳоли фаровонлигининг муҳим кафолатидир. Айниқса, иқтисодий салоҳияти, инвестициявий жозибадорлиги ва туристик имкониятлари тобора юксалаётган Бухоро вилоятида хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ички ишлар органлари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ҳам бу борада янги босқични бошлаб берди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар ижросини таъминлаш, ҳудудда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов вилоятда бўлди.
Хизмат сафари давомида вазир дастлаб Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти билан танишди. Масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, шаҳар ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва маҳаллалар кесимида профилактика ишлари самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, жиноятга олиб келиши мумкин бўлган омилларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш анча самаралидир. Бунинг учун ҳар бир маҳалладаги вазиятни чуқур таҳлил қилиш, профилактик тадбирларни аниқ манзилга йўналтириш ва кунлик хизмат фаолияти натижаларини мунтазам баҳолаб бориш зарур. Шу муносабат билан масъулларга раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, хизмат интизоми ва ижро назоратини қатъий таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати батальонида эса ходимларнинг жисмоний тайёргарлиги, хизмат вазифаларини самарали бажариши учун яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд инфратузилма кўздан кечирилди. Батальоннинг моддий-техник имкониятларини янада яхшилаш, саф майдонини кенгайтириш ҳамда ҳудудни замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Когон тумани ички ишлар бўлимида ҳам ходимларнинг хизмат шароитлари ва моддий-техник таъминоти ўрганилди. Хизмат жараёнларига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, рақамлаштириш имкониятларидан унумли фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Хизмат сафари доирасида ички ишлар вазири раҳбарлигида Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлашни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда Президент ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган тезкор йиғилиш ҳам ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган йирик ташаббуслар, хусусан, умумий қиймати 30 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, асосий кўчаларни реконструкция қилиш, янги автомобиль ва темир йўл тармоқларини барпо этиш, туристик инфратузилмани ривожлантириш жараёнларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Зеро, бундай кенг кўламли бунёдкорлик ва инвестиция жараёнлари нафақат иқтисодий ўсиш, балки ҳудудда транспорт ҳаракати, аҳоли ва меҳмонлар хавфсизлиги, жамоат тартибини таъминлаш борасида ҳам янги талабларни юзага келтиради. Шу боис ички ишлар органлари фаолиятини амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг равишда ташкил этиш, хавфсизлик чораларини олдиндан режалаштириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Йиғилишда келгуси йили Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган нуфузли халқаро тадбирларга тайёргарлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро анжуманлар ва йирик тадбирлар давомида хорижий меҳмонлар, делегациялар ҳамда иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт оқимини тўғри йўналтириш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Айниқса, жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Автомобиль йўлларини рақамли мониторинг тизими билан қамраб олиш, туристик марказларда хавфсизлик механизмларини такомиллаштириш ва мавжуд имкониятларни ягона тизим асосида мувофиқлаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт оқимини самарали бошқариш ва махсус тадбирлар давомида ҳаракат узлуксизлигини сақлаш мақсадида махсус «яшил йўлаклар» ташкил этиш вазифаси ҳам кун тартибидан ўрин олди. Мазкур йўналишда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг бошлиғи шахсан масъул этиб белгиланди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари томонидан Бухоро вилоятида замонавий инфратузилма ва янги қиёфадаги ички ишлар органларини шакллантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш ҳар бир раҳбар ва ходимнинг устувор масъулияти экани алоҳида таъкидланди. Масъулларга белгиланган вазифалар ижроси юзасидан мунтазам ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Дарҳақиқат, замонавий ва хавфсиз ҳудудни барпо этиш фақат инфратузилмани янгилаш ёки ҳуқуқ-тартибот идораларининг техник имкониятларини кенгайтириш билан чекланмайди. Бу, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, ҳар бир фуқарода эртанги кунга ишонч уйғотиш, маҳалла ва кўчаларда осойишталикни қарор топтириш демакдир.
Бухорода белгиланаётган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳам айнан шу мақсадга қаратилган: иқтисодий ва туристик тараққиёт билан бир қаторда хавфсизликни таъминлашнинг замонавий, рақамли ва профилактикага асосланган тизимини шакллантириш. Зеро, осойишта муҳит бор жойда инвестиция ҳам, туризм ҳам, тараққиёт ҳам барқарор бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири