Байрам муносабати билан шифокорлар тақдирланишди
Инсон саломатлигини асраш, дардига малҳам бўлиш, ҳаётини сақлаб қолиш тиббиёт ходимидан юксак билим ва тажриба билан бирга сабр-тоқат, жасорат ва чексиз фидойиликни ҳам талаб этади. Зеро, бу касб эгалари учун ҳар бир бемор тақдири, кўрсатилган ҳар бир тиббий ёрдам ортида улкан масъулият мужассам. Ана шундай шарафли ва масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаётган сирдарёлик тиббиёт ходимлари касб байрами муносабати билан эъзозланиб, бир гуруҳ соҳа вакиллари муносиб тақдирланди.
Юртимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган Тиббиёт ходимлари куни инсон саломатлиги йўлида кеча-ю кундуз хизмат қилаётган фидойи инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш ҳамда жамият ҳаётидаги муҳим ўрнини эътироф этишга хизмат қилади.
Бу йилги байрам сирдарёликлар учун яна бир қувончли воқеа билан аҳамиятли бўлди. Президентимизнинг «Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, икки нафар вилоят вакили давлат мукофотларига сазовор бўлди. Жумладан, Мирзаобод туманидаги 17-оилавий поликлиника оилавий шифокори Ҳакимхон Холбекова II даражали «Саломатлик» ордени, Сирдарё тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси IT-оператори Зебо Закирова эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бу юксак эътироф уларнинг касбига садоқати, самарали меҳнати ва соҳа ривожига қўшаётган ҳиссасига берилган муносиб баҳо бўлди.
Байрам муносабати билан Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар масканида ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров соҳа фахрийлари ва тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш, инсон ҳаётини асраб қолиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш йўлидаги меҳнат алоҳида эътирофга муносиб. Бугун тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, малакали мутахассислар салоҳиятини юксалтириш, аҳолига сифатли ва қулай тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланишлар, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий хизмат турларини жорий этиш ҳамда соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
[gallery-32375]
— 2026 йил тиббиёт ходимлари учун муваффақиятли келмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, тиббий хизмат сифати ва имкониятлари кенгаймоқда. Куни кеча Сирдарёда замонавий рақамли ситуацион марказ фаолияти йўлга қўйилган бўлса, Гулистон шаҳри, Боёвут, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларидаги бир қатор оилавий шифокорлик пунктлари мукаммал таъмирланди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Ислом тараққиёт банки, Қувайтнинг Араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, Саудия тараққиёт жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ҳамда Германиянинг KfW банки билан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, онкология ва радиология маркази учун 2,2 миллион долларлик 77 та юқори технологияли тиббий ускуна, перинатал хизмат учун эса 744 та тиббий жиҳоз олиб берилди. Шунингдек, Fuji компанияси гранти асосида маммограф аппарати келтирилди.
Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази учун янги тўрт қаватли бино қурилмоқда. Унда 30 ўринли болалар онкогематология бўлимини ташкил этиш режалаштирилган. Скрининг текширувлари, коронар ангиография, маммография ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кўлами ҳам ортиб бормоқда.
Бу натижалар замирида тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати, касбий маҳорати ва масъулияти мужассам. Барча ҳамкасбларимизни касб байрами билан табриклаб, шарафли фаолиятларида муваффақиятлар тилайман, — деди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ёрбек Маманазаров.
Дарҳақиқат, тиббиёт тизимининг самарадорлиги замонавий технологиялар ва мустаҳкам моддий-техник база билан бир қаторда, малакали, ўз касбига садоқатли ва ташаббускор мутахассисларга ҳам боғлиқ. Айниқса, шифокорлар билан бир сафда меҳнат қилаётган ҳамшираларнинг ўрни беқиёс. Уларнинг беморларга кўрсатадиган меҳри, эътибори ва ғамхўрлиги даволаш жараёнининг муҳим таркибий қисмидир. Шу боис соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва касбий салоҳиятини ошириш тиббиёт тизими тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
— Бугунги байрам биз тиббиёт ходимлари учун нафақат касбий фаолиятимизга берилган баҳо, балки йил давомидаги машаққатли меҳнатимиз, фидойилигимиз ва масъулиятимизнинг эътирофидир. Кейинги йилларда соҳа ходимларига қаратилаётган эътибор, яратилаётган муносиб меҳнат шароитлари, касбий малакани ошириш учун берилаётган имкониятлар бизни янада руҳлантиради. Айниқса, инсон саломатлиги йўлидаги меҳнатимиз давлат даражасида қадрланаётгани, шифокор ва ҳамшираларнинг хизматлари муносиб тақдирланаётгани ҳар биримизга куч ва ғайрат бағишлайди. Бу эътироф зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Биз бундан буён ҳам халқимиз саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибамизни сафарбар этиб хизмат қилишга интиламиз, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Ҳамширалар ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлимининг раиси Тожихон Ғаффорова.
Тантанали маросимда ўз касбига садоқат ва юксак масъулият билан ёндашиб, самарали меҳнати билан ҳамкасбларига намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ шифокор, ҳамшира ва бошқа соҳа ходимлари ҳам юксак эътирофга сазовор бўлди. Жумладан, Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори Нафиса Юсупова Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, «Тиббиёт фидойиси — 2026» танлови ғолиблари ҳам эътироф этилди. Танлов натижаларига кўра, еттита тиббиёт муассасаси ғолиб деб топилди. Улардан бештасига 30 миллион сўмдан, Ховос тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиалига эса 500 миллион сўмдан, жами бир миллиард сўмлик ваучерлар, бундан ташқари, 20 нафар тиббиёт ходимга вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.
Байрам тадбири доирасида Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмасига махсус санитария автомашинаси ҳам топширилди. Ушбу транспорт воситаси туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, зарур ҳолатларда тиббий ёрдамни тезкор етказиш ва беморларни ташиш жараёнини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Шу тариқа, байрам тадбирида тиббиёт ходимларининг меҳнати нафақат самимий эътироф ва эзгу тилаклар, балки соҳани ривожлантиришга қаратилган амалий рағбат ва ташаббуслар билан ҳам қадрланди.
Тантанали маросим санъаткорлар ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар билан давом эттирилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА