Уюшманинг вилоят бўлими фаолияти таҳлил этилди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлимининг 2021-2025 йиллардаги фаолияти таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Уюшма аъзолари ҳамда фаол ва фахрий журналистлар иштирок этди.
Дастлаб Уюшманинг Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслоновнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда 19 та босма нашр, 1 та давлат телерадиоканали ва 1 та ННТ медиа маркази, 10 га яқин интернет нашр мавжуд. Шунингдек, 15 нафар Республика ОАВларининг вилоят бўйича мухбирлари фаолият олиб бормоқда.

2021 йилга қадар Уюшма аъзолари сони 22 нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда улар сони 64 нафарга етди.
2021-2025 йиллар давомида ислоҳотларни аҳолига етказишдаги фаоллиги ва журналистика соҳасини ривожлантиришдаги муносиб хизматлари эътирофи сифатида Уюшма аъзоларининг 8 нафари турли даражадаги давлат мукофотлари, фахрий унвонлар ва бир қатор танловлар ғолиблари бўлди.
Йиғилиш давомида Уюшма вилоят бўлими Тафтиш комиссияси молиявий ҳисоботи ҳам эшитилди.

Тадбирда бир гуруҳ Уюшма аъзолари сўзга чиқиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов сўзга чиқиб, Уюшма олдида турган муҳим вазифалар, келгусида режалаштирилган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбир якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА