Хотира абадий, қадр муқаддас
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Термиз шаҳридаги Хотира майдонида тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат фахрийлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, оркестр садолари остида Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳамда мустақиллик йиллари Ватан тинчлиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар хотираси ёдга олинди.

Меҳнат фронти ва меҳнат фахрийлари болалик, ёшлик даврларида кўрган-кечирганлари, ҳаёт қийинчиликлари ва бугунги тинч, фаровон ҳаёт ҳақида атрофлича сўз юритди.

Тантанали маросим халқимизнинг мард ва фидойи аждодлар хотирасига бўлган юксак ҳурмати, тинчлик ва тўкин турмушнинг қадрига етиш тимсоли сифатида ёдда қолди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА