Навоийда “Медиа ҳафталик” якунланди
Навоий вилоятида оммавий ахборот воситалари ходимлари, давлат органлари матбуот хизматлари ва контент яратувчилар иштирокида бўлиб ўтган “Медиа ҳафталик” тадбирлари якунига етди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда 200 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Тадбир давомида иштирокчилар амалий кейслар таҳлили, замонавий контент яратиш усуллари, ахборот хавфсизлиги, журналистиканинг касбий этикаси ҳамда сиёсий жараёнларни ёритишдаги масъулияти каби йўналишларда билим ва кўникмаларини оширди. Машғулотлар назария ва амалиёт уйғунлигида ташкил этилди.
Босма ва интернет журналистлари учун ўтказилган сессияларда экспертлар Нозима Тошпўлатова ва Икром Аввалбоев томонидан ижтимоий масъулият, касб этикаси, медиа қонунчилиги, ҳуқуқий хавфлар, сиёсий мавзуларни ёритишда ижодий ёндашув ҳамда репутацияни бошқариш масалалари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
– Газетанинг келажаги ҳақида гап кетганда турлича фикрлар бўлади. Айниқса, ҳудудий газеталар жуда мураккаб даврдан ўтишяпти. Бу ҳақида позициялар турлича, газета журналистлари унинг қоғоз версияси кераклигини айтишса, уларнинг муассислари янги форматлар тарафдори. Бу каби суҳбатлар деярли барча ҳудудларда бўлди, – дейди эксперт Н.Тошпўлатова. – Аммо Навоийдаги медиаҳафталик доирасида ташкил этилган энг қизиқ ва жонли сессиялардан бири “Дебат” лойиҳаси бўлди. Бу гал оддий маъруза ёки расмий чиқиш эмас, ҳақиқий “роллар алмашинуви”ни қилдик. Журналист ва матбуот котиби бир-бирини кўп танқид қилади, лекин бир-бирининг босимини доим ҳам тушуниб етмайди. Шунинг учун сессияда газетачиларни матбуот котиби, матбуот котибларини эса журналист ролига қўйдик. Натижа эса кутилгандан ҳам қизиқ бўлди. Шу вақтгача босма нашрга раҳбарлар эътибори сусайганидан хафа бўлган устоз журналистлар ўз қарашларига қарши бориб “газета даври ўтди, ўзгаринглар, янгиликлар қилинглар” деди.
“Газетани ҳеч ким ўқимайди”, деган фикрда юрган матбуот котиблари эса айнан фейклар кўпайган даврда таҳлил, ишончли ва масъулиятли босма журналистика яна қадрли бўлишини таъкидлади. Менимча, бу дебатнинг энг катта ютуғи – кимдир ютиб, кимдир ютқазганида эмас. Балки ҳар икки томон бир-бирининг оғриғини ҳис қилганида бўлди. Чунки кучли медиа бу фақат кучли журналист эмас. Кучли коммуникация, очиқлик ва ўзаро тушуниш ҳамдир. Дебат кульминациясида ана шу мулоқот ўрнатилди, ўртадаги кўприк мустаҳкамлангандек бўлди.
Ҳафталик доирасида маҳаллий телевидение ва радио журналистлари учун янгилик тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди. Унда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни холис ва таҳлилий ёритиш, давлат дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ёритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Mening yurtim” телеканали журналисти Юлдуз Олимова ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, сиёсий мавзуларни қизиқарли ва ноодатий форматда ёритиш усулларини намойиш этди.
Машғулотлар давомида контент тайёрлаш, репортаж ритмини тўғри шакллантириш, монтаж жараёни, кадрлар кетма-кетлиги ва визуал ифода масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар томонидан замонавий медиа муҳитида оператор ва монтажчининг роли, материал сифатини оширишдаги ўрни ҳақида ҳам амалий тавсиялар берилди.
Блогер ва мобилографлар учун “Сунъий интеллект даврида ахборот майдони ҳимояси ҳамда блогерларнинг рақамли гигиенаси”, “Ишончли манбаларни аниқлаш учун чеклист”, “Манбалардан сохта мувозанат яратиш учун фойдаланмаслик”, “Субъектив ва объектив чиғириғи: факт, фикр ва манипулцсия” каби мавзулардаги дарслар ташкил этилди.
[gallery-29321]
Албатта, бугунги кунда ахборот оқимининг кескин ўсиши, рақамли платформаларнинг кенгайиши ва сунъий интеллект имкониятларининг ортиши соҳада фаолият олиб бораётган ходимлар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, “Медиа ҳафталик” доирасида ахборот хавфсизлиги, фейк маълумотларга қарши кураш ва рақамли муҳитда ишончли контент яратиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
– “Навоий ёшлар телевидениеси” яқинда ташкил этилган, – дейди “Фидоий ёшлар” телеклуби раҳбари Ғулом Султонов. – Айни пайтда 50 нафарга яқин ёшларимиз кастинг орқали танлаб олинган. Медиа соҳасидаги мутахассислар иштирокида ўтган мастер-класслар, интерактив мулоқотлар ва амалий машғулотлар ёшларимизда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, экспертлар Беруний Алимов, Рўзимуҳаммад Яхёев, Улуғбек Қурбонбоев, Дилноза Қурбонова, Юлдуз Олимова, Юлдуз Файзий ва Ҳамза Жумаевларнинг сабоқларини қизиқиш билан тинглади. Бу “Медиа ҳафталик” турли йўналишларда фаолият юритаётган медиа вакилларини бир майдонга жамлаган муҳим ва долзарб платформа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бундай учрашувлар нафақат тажриба алмашиш, балки янги ғоялар пайдо бўлиши, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва медиа соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ҳам катта аҳамиятга эга. “Медиа ҳафталик” доирасидаги бу жараёнлар келгусида янада самарали ва креатив лойиҳаларнинг юзага келишига замин яратади.
Ҳафталик медиафорум билан якунланди. Унда сўзга чиққанлар “Медиа ҳафталик” бу шунчаки тадбир эмас, балки ғоялар майдони, имкониятлар эшиги ва келажак медиасини яратаётган ёшлар платформаси эканини алоҳида таъкидлади.
Медиа форум сўнггида барча иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан сертификат топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА