Туркиялик инвестор Навбаҳорда
Навоий вилояти Навбаҳор тумани ҳокими Алишер Рашидов туркиялик инвестор Кокабаш Айҳан билан учрашиб, туман ҳудудида замонавий турар жой мажмуаси қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Пахтакор маҳалласи ҳудудида замонавий, тайёр ҳолдаги бир қаватли кўчма тураржойлар қуриш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Лойиҳани замонавий архитектура ечимлари асосида ташкил этиш, аҳоли учун қулай ва шинам яшаш шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, музокаралар давомида Навбаҳор туманида янги ишлаб чиқариш ва қурилиш лойиҳаларини йўлга қўйиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши туманда замонавий турар жой инфратузилмасини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири