Бизнес муҳити таҳлили натижалари тақдим қилинди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.
Олинган маълумотлар асосида бизнес муҳитининг йиғма индикатори шакллантирилди. У бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар ҳамда яқин уч ойга мўлжалланган кутилмаларни ифодалайди.

Июль ойида бизнес муҳити индекси 56 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 бандга ошди.
Бизнес муҳити индексининг 50 банддан юқори бўлиши оптимистик ҳолат ҳисобланади.
Баҳоларга кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бизнеснинг жорий ҳолати индекси 2 бандга ошиб, 46 бандни ташкил этди. Кутилмалар индекси эса 7 бандга ошиб, 66 бандга етди.
Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганлигини ҳар ўн нафар тадбиркорнинг тўрт нафарига яқини (39 фоиз) қайд этган.
Респондентларнинг қарийб ярми бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган (44 фоиз), ҳар тўртинчи корхонада эса сўнгги уч ойда ишчилар сони кўпайганлигини (25 фоиз) таъкидлаган.
Яқин уч ойда тадбиркорларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи маҳсулот ва хизматларга талаб ўсишини кутмоқда (68 фоиз).

Ўтган йилга нисбатан бизнес муҳити индекси қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизматлар соҳасида ўсган, саноатда эса муайян пасайиш кузатилган.
Қишлоқ хўжалигида бизнес муҳитининг йиғма индикатори ўтган йилга нисбатан 11 бандга ошиб, 61 бандни ташкил этди. Аграр соҳада ҳам жорий баҳолар 5 бандга, ҳам тадбиркорларнинг кутилмалари 19 бандга яхшиланди.
Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини тадбиркорларнинг 43 фоизи қайд этган (2025 йилда — 41 фоиз). Ўз маҳсулотига талаб ошганини ҳам тадбиркорларнинг 43 фоизи билдирган (43 фоиз).
Қурилишда бизнес муҳитининг йиғма индикатори ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада, 10 бандга ошиб, 60 бандни ташкил этди. Тармоқда жорий баҳолар 2 бандга, бизнес кутилмалари эса 18 бандга яхшиланди.
Сўнгги уч ойда қурилиш соҳасидаги жорий вазият ҳар ўнта корхонанинг тўрттасидан кўпроғида яхшиланган (42 фоиз, 2025 йилга нисбатан ўзгаришсиз). Маҳсулотга талаб ўсганини қурилиш корхоналарининг қарийб ярми — 46 фоизи қайд этган, бу ўтган йилги кўрсаткичдан юқори (44 фоиз).
Саноатда бизнес муҳитининг йиғма индикатори 41 бандни ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 8 бандга пасайди. Бу, асосан, тармоқдаги жорий вазият баҳолари билан боғлиқ бўлиб, ушбу индекс 32 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, кутилмалар нисбатан юқори даражада сақланиб қолди — 51 банд.
Яқин уч ойда бандлик бўйича кутилмалар бироз эҳтиёткорроқ тус олган. Саноат корхоналарининг қарийб ҳар иккинчиси ходимлар сони ошишини кутмоқда (46 фоиз). Шу билан бирга, бизнес ҳолатининг истиқболлари бўйича баҳолар ижобийлигича қолмоқда. Яқин уч ойда вазият яхшиланишини респондентларнинг учдан икки қисми (66 фоиз) кутмоқда.
Хизматлар соҳасида бизнес муҳитининг йиғма индикатори сезиларли даражада, 8 бандга ошиб, ижобий диапазонда 62 бандни ташкил этди. Бу жорий бизнес баҳоларининг 8 бандга яхшиланиши ва яқин уч ойдаги ривожланиш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг 9 бандга ўсиши билан боғлиқ.
Хизматлар соҳасидаги компанияларнинг қарийб ярми бизнеснинг жорий ҳолатини яхши деб баҳолаган (48 фоиз). Яқин уч ойга оид кутилмалар янада ишончли бўлиб, 3 фоиз бандга ошган, корхоналарнинг қарийб тўртдан уч қисми (74 фоиз) вазият яхшиланишини кутмоқда. Сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолати яхшиланганини қайд этган компаниялар улуши ҳам 3 фоиз бандга ошиб, 40 фоизни ташкил этди.

Тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (59 фоиз) бизнес юритишда тўсиқлар мавжуд эмаслигини билдирган. Энг қулай вазият қурилишда (71 фоиз) ва хизматлар соҳасида (62 фоиз) қайд этилган. Қишлоқ хўжалигида (55 фоиз) ва саноатда (45 фоиз) қарийб ҳар иккинчи тадбиркор тўсиқлар йўқлигини билдирган.
Тадбиркорлик фаолиятини чеклаётган омиллар орасида солиққа тортиш масалалари (19 фоиз), банк молиялаштириши (15 фоиз), бошқа молиявий қийинчиликлар (12 фоиз) ва талабнинг етарли эмаслиги (8 фоиз) кўпроқ қайд этилган. Турли молиявий қийинчиликларни кўрсатган тадбиркорлар улуши энг сезиларли даражада — 4 фоиз бандга ошган.
Тармоқлар кесимида қишлоқ хўжалигида қарийб ҳар учинчи тадбиркор молиявий қийинчиликларни қайд этган (29 фоиз, +16 фоиз банд). Қурилишда кредит олиш билан боғлиқ қийинчиликлар кўпроқ учраган (13 фоиз, +13 фоиз банд). Саноатда талаб етарли эмаслигини қайд этган корхоналар улуши ошган (13 фоиз, +4 фоиз банд), хизматлар соҳасида эса асосий чеклов солиқ маъмуриятчилиги бўлиб қолган (16 фоиз).
Моҳигул Қосимова, ЎзА