Трамп нутқ сўзлаётганда Эрон делегацияси зални тарк этди (+видео)
АҚШ ва Эрон делегациялари воситачилар орқали қарийб уч соат музокара олиб борди ва якун самарали бўлди, деди Дональд Трамп. Бундан аввал у Эронни йўқ қилиш билан таҳдид қилган эди, дейилган DW тарқатган хабарда.
АҚШ ва Эрон расмийлари 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси доирасида учрашди. Бу бир неча ой ичидаги илк мулоқот, деди Президент. Унинг сўзларига кўра, қарийб уч соат давом этган учрашув самарали кечган.
Музокарада АҚШ томонидан махсус вакиллар Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер, Эрон томонидан эса ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий иштирок этди. Тадбирга Қатар ва Покистон воситачилик қилган.
Трамп Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари билан учрашув чоғида Теҳрон билан келишувга эришиш учун яхши имконият пайдо бўлганини айтди. Давлат ОАВ маълум қилишича, Эрон музокара давомида Вашингтонга нисбатан Ҳурмуз бўғози орқали кема қатновини қайта тиклаш шартини илгари сурган. Яъни, АҚШ томонидан жорий этилган денгиз қамалини зудлик билан бекор қилиш, мамлакатнинг санкция туфайли музлатилган маблағини тўлиқ ечиш ва ҳар қандай ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш.
Музокарадан олдин Америка етакчиси БМТ минбаридан, давлат ва ҳукумат раҳбарлари қаршисидаги нутқида Ислом Республикасини “йўқ қилиш” билан таҳдид қилган:
– Ҳозир Эронга тикланиш ва қудратли давлатга айланиш имконини бериш ёки ушбу давлатни йўқ қилиш танлови олдида турибмиз. Энди бу мамлакат одамларни ўлдириш, бошқа давлатларни вайрон қилиш имконига эга бўлмайди.
Хабарларга кўра, АҚШ раҳбари нутқ сўзлаётганда Теҳрон делегацияси зални тарк этган.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА