Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлат чегарасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Бугун Иссиқкўл вилоятида Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон чегара идоралари вакиллари минтақавий учрашуви бошланди.
Eвропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги Дастурий офиси кўмагида ташкил қилинган мазкур тадбир уч давлат ёндош идоралари амалий шериклигини ривожлантириш, чегара хавфсизлиги соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик механизмини такомиллаштиришга қаратилган. Мезбон делегацияга Давлат чегара хизмати раиси Абдикарим Алимбоев бошчилик қилмоқда. Қозоғистон томонидан Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари – Чегара хизмати директори Ерлан Алдажуманов, Тожикистондан Қўмондоннинг биринчи ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари Бош штаби бошлиғи Назрулло Ҳусайнзода иштирок этмоқда.
Учрашувнинг ўзига хос жиҳати шундаки, анжуманда давлат чегараси участкаларини қўриқлаш учун бевосита масъул ҳудудий чегара органлари ва бўлинмалари раҳбарлари ҳам тўпланган.
Қайд этилишича, бундай формат қўшни ҳудудлардаги ҳамкасбларга муаммоли масалаларни юзма-юз муҳокама қилиш, тезкор ахборот алмашиш ва зарур амалий ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш имконини беради.
Учрашувни очар экан, Алимбоев ҳамкорлик самарадорлиги кўп жиҳатдан томонларнинг бевосита жойларда нечоғли тез ҳаракат қила олишига боғлиқлигини таъкидлади.
– Бугун олдимизда умумий вазифа турибди – давлат чегарасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, – деди у. – Ишончим комилки, очиқ тажриба алмашиш, амалий ҳамкорлик ва бирга иш олиб бориш муайян масалаларни янада самарали ҳал қилиш, мамлакатларимиз ва чегара идоралари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шунингдек, мулозим Қирғизистон вақтида ахборот алмашиш, қўшма тадбир ва машғулотлар ўтказиш, мувофиқлаштириш ва бирга ҳаракатланиш механизмини такомиллаштиришга тайёрлигини таъкидлади. Ҳамкорлик асосини ишонч, ўзаро англашув, давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиш ва эришилган келишувларни бажариш ташкил этиши лозим.
Учрашувда жорий йил саккиз ойидаги хизмат-жанговар фаолият якуни ва 2027 йил учун режа ҳам муҳокама қилинди. Томонлар давлат чегарасидаги мавжуд вазият, масъул идоралар фаолияти натижаси тўғрисида маълумот алмашинуви ва ҳамкорликнинг келгуси йўналишлари мавзуларини ҳам таҳлил қилдилар.
Чегара бўлинмаларининг муайян участкалардаги ўзаро ҳамкорлиги масаласи ҳамда фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш ва салбий ҳолатлар авж олишига йўл қўймасликка қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳарбий хизматчиларнинг давлат чегарасидаги ҳаракатига ёндашув мавзуси ҳам диққат марказида бўлди.
Абдуғафур Маматов, ЎзА