Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Бўстонлиқ тумани Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига қарашли “Ахсарсой” ҳудудида назорат рейд тадбирлари олиб борилди.
Мутахассислар томонидан ҳудудда ҳайвон териси топилган. Ашёвий далил Фанлар академияси Зоология институти томонидан ўрганилганида Тянь-Шань қўнғир айиғига тегишли экани маълум бўлди. Айиқ номаълум шахслар томонидан қўлбола сиртмоқ ёрдамида ўлдирилган ва териси қолдирилиб, бошқа қисмлари олиб кетилган.


Маълумот учун, қўнғир айиқ заиф, кенг, бироқ мозаик тарқалган кенжа тур сифатида Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. Ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти ИИББга юборилди.
***
ДХХ чегара қўшинларига қарашли Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда “Аскар оналарини шарафлайди” шиори доирасида видеоконференция орқали суҳбатлар ўтказилмоқда.

Шундай суҳбатларнинг бири Тошкент туманидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган оддий аскарлар ва ота-оналар, яқин қариндошлар билан ташкил этилди. Тадбирда аскарлар ота-оналарига ДХХ чегара қўшинлари ва Тошкент тумани ҳокимлиги томонидан ташаккурнома ва совғалар берилди. Сўзга чиққан аскарлар ва ота-оналар қувонч ёшлари билан ўзларини тилакларини билдирди. Ватанга муҳаббат туйғулари, аввало, оиладан бошланиши, юрт ҳимояси эса ҳар бир йигитнинг бурчи экани ҳақида фикр билдирилди.
Шундан сўнг санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
***
Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари А.Муллажонов бошчилигидаги прокуратура ҳузуридаги Департамент, Мажбурий ижро бюроси ҳамда бошқа мутасадди идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида Паркент туманида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ердан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари аниқланиб, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА