МИБ: 3 миллиард сўмдан зиёд дори воситалари йўқ қилинди
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридагни Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими томонидан қонун ҳужжатлари талабларига асосида ижро ҳужжатларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида навбатдаги амалий тадбир ташкил этилди.
Унда суд ва бошқа ваколатли органлар қарорларига биноан муомаладан чиқарилган ҳамда йўқ қилиниши белгиланган маҳсулотларни бартараф этиш ишлари амалга оширилди.

Тадбирда тегишли давлат ва назорат органлари вакиллари қатнашганлиги жараённинг очиқ-ошкоралиги, қонунийлиги ва белгиланган тартибларга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилишини таъминлади.
Мазкур амалий ҳаракатлар доирасида жами олтита ижро ҳужжати бўйича умумий қиймати 3,2 миллиард сўмни ташкил этувчи 340 турдаги сифатсиз дори воситалари ва тиббиёт ускуналари йўқ қилинди. Ушбу ноқонуний маҳсулотлар белгиланган тартибда ёқиш ва тўкиш усуллари орқали бартараф этилди.

Йўқ қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар инсон саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган, сифати кафолатланмаган ёки қонун талабларига зид равишда муомалага киритилган маҳсулотлар ҳисобланади. Айни шу боисдан уларни муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА