65-Халқаро гуллар фестивали ўзгача шукуҳда ўтади
Гуллар диёри Наманганнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган халқаро гуллар фестивали бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни вақтда вилоятда жорий йил юбилей санаси нишонланадиган байрамга пухта тараддуд кўрилмоқда.
Гўзаллик ва нафосат анжумани олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар билан учрашган Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов олтмиш бешинчи бор ўтказилажак фестивалнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Очиқ мулоқот тарзида кечган матбуот анжуманида гуллар байрамига тадорик ишлари, мавжуд масалалар ва таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, гуллар байрами доирасида Наманган шаҳри бўйлаб 120 турдаги 150 миллион туп гул кўчати замонавий ландшафт – дизайн асосида экилиб, бу борада Гиннеснинг рекордлар олами китобидан жой олиши кутилмоқда.
[gallery-29230]
Фестиваль доирасида маданий ва маърифий тадбирлар, театр ва цирк томошалари, гала концертлар, модалар ҳафталиги, саноат ярмаркаси ва бошқа 150 дан зиёд халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар ўтказилади.
Анжуманда журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари фестивални юқори савияда ёритиш, ахборот тарқатишда замонавий ёндашувларни жорий этиш, хорижий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилувчи тарғибот кампанияларини кучайтириш юзасидан ўз мулоҳаза ҳамда ташаббусларини билдирди. Қарийб эллик кун давом этадиган фестиваль муносабати билан Наманган вилоятида туризмнинг бошқа йўналишларида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш, инвестиция жозибадорлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш, транспорт ва логистика, меҳмонлар учун қулай шарт-шароитларни яхшилаш сингари муҳим масалаларда ҳам фикрлар алмашилди.
Вилоят раҳбари барча таклифлар эътибор билан ўрганилишини, фестиваль нафақат гўзаллик байрами, балки ҳудуднинг инвестициявий ва туристик салоҳиятини намоён этувчи катта майдон эканлигини эътироф этди.
Мулоқотда медиа вакиллари билан ҳамкорликни мунтазам олиб бориш, фестивални халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш устувор вазифа эканлиги қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА