Теннис спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришнинг янги стратегик босқичи
Жорий йилнинг йигирма биринчи сентябрида қабул қилинган “Теннис спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мамлакатимизда спортнинг ушбу турини янги ривожланиш босқичига олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий ва амалий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Мазкур ҳужжат нафақат профессионал спортни қўллаб-қувватлаш, балки соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, мактаб ёшидан бошлаб ёш авлодни теннисга меҳр қўйдириш ҳамда халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли ташаббусларни ўз ичига олади.
Ҳужжатда икки минг ўттизинчи йилга қадар теннис соҳасида эришилиши лозим бўлган аниқ стратегик мақсадлар белгилаб берилган. Хусусан, теннис билан доимий шуғулланувчилар сонини уч минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Мазкур кўрсаткич профессионал ва ярим профессионал тизимда шуғулланувчиларнинг сифатли ўсишига, оммавийликдан профессионалликка ўтиш базасини шакллантиришга қаратилган. Шу билан бирга, тренерлар сонини икки юз нафарга етказиш масаласи малакали кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш ва машғулотлар сифатини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мамлакатимиз спортчиларининг Осиёда энг кучли бешликка кириши ҳамда теннис спорт турини истиқболли спорт турлари қаторига киритиш чоралари кўрилиши Ўзбекистоннинг халқаро спорт ареналаридаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Қарорга мувофиқ, икки минг йигирма олтинчи йил биринчи октябрдан бошлаб республикамизда халқаро ва маҳаллий миқёсдаги нуфузли мусобақаларни мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилади. Улар қаторига Профессионал теннисчилар ассоциацияси, Аёллар тенниси ассоциацияси ҳамда Халқаро теннис федерацияси шафелигидаги халқаро турнирлар киради. Худди шу тариқа, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги ҳамда Республика чемпионати, шунингдек, анъанавий тарзда ўтказиладиган катталар ўртасидаги “Uzbekistan open” халқаро турнири ва эркаклар ўртасидаги “ATP Challenger” халқаро мусобақалари ташкил этилади. Бу каби турнирларнинг ташкил этилиши катта тажриба тўплаш ҳамда юртимизда теннис муҳитини янада жонлантириш имконини беради.
Қарорнинг истиқболли бандларидан бири сифатида икки минг йигирма еттинчи йил биринчи январдан умумий ўрта таълим ташкилотларида “Juniors Tennis Initiative” дастурининг жорий этилишини кўрсатиш мумкин. Ушбу дастур доирасида бир қатор амалий қадамлар ташланади. Хусусан, биринчи-тўртинчи синф ўқувчилари учун худди бошланғич синфлардаги каби жисмоний тарбия дарсларида теннисга қизиқишни шакллантириш бўйича бошланғич машғулотлар йўлга қўйилади. Бу болаларда координация, чаққонлик ва эътиборни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, мактабларнинг инфратузилмаси ва ўқувчиларнинг қизиқишига қараб махсус спорт секциялари ташкил этилади. Танлаб олинган мактабларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, спорт инвентарлари ва махсус “tennis wall” мосламалари билан Ўзбекистон теннис федерацияси маблағлари ҳисобидан тўлиқ жиҳозланади. Бундан ташқари, машғулотлар ҳудудий спорт мактабларидан келган мутахассислар томонидан олиб борилади.
Ҳужжатда спортчилар ва уларни тайёрлайдиган мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш ҳамда рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Осиё ва Параосиё ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчилар ва тренерлар учун бир марталик пул мукофотлари миқдори қуйидагича белгиланди: спортчилар учун олтин медаль олган тақдирда йигирма беш минг АҚШ доллари берилади. Худди шу тариқа, кумуш медаль учун ўн икки минг беш юз АҚШ доллари, бронза медаль учун эса олти минг икки юз эллик АҚШ доллари миқдорида рағбат пули ажратилади. Тренерлар учун ҳам худди шундай тартибда, яъни олтин медални қўлга киритган спортчини тайёрлаган мураббийга ўн минг АҚШ доллари берилади.
Шунингдек, кумуш медаль учун беш минг АҚШ доллари ва бронза медаль учун икки минг беш юз АҚШ доллари берилиши белгиланган. Бундай моддий рағбатлантириш тизими мураббийларнинг масъулиятини ошириш билан бирга, ёш спортчиларнинг катта спортга бўлган интилишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Тиббий ва илмий тадқиқотлар теннис билан шуғулланишнинг ўзига хос фойдали жиҳатларини исботлаган. Хусусан, юрак-қон томир тизими худди интенсив кардиотренажёрларда шуғуллангани сингари мустаҳкамланади. Теннис юқори интенсивликдаги интервал машқлар қаторига кириб, юрак уриш тезлигини оширади ва қоннинг, айниқса, мия ҳамда мушакларга боришини яхшилайди. Илмий тадқиқотларга кўра, мунтазам теннис ўйнаш юрак-қон томир касалликлари хавфини эллик олти фоизга камайтиради. Умр кўриш давомийлигини узайтиради, психологик барқарорликни таъминлайди. Координация, чаққонлик ва мия фаолияти ривожланади. Оёқ ва қўл ҳаракатларини бир вақтнинг ўзида мувофиқлаштириш бош мияда янги нейронларни шакллантиради, хотирани мустаҳкамлайди ва кексаликда учрайдиган касалликлар хавфини камайтиради. Мушак тонуси ва калория сарфи бир соатлик фаол теннис ўйини давомида худди оғир жисмоний машқлар бажарилгани сингари тўрт юздан олти юз килокалориягача энергияни сарфлайди.
Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби мураббийи Пётр Лебеднинг сўзларига кўра, 4-6 ёшдан бошлаб теннис билан шуғулланган маъқул.
– Бошланғич тайёргарлик тўрт ёшдан олти ёшгача бўлган даврни ўз ичига олиб, бу даврда болаларда фазовий мўлжал олиш, чаққонлик ва эътиборни жамлаш кўникмалари шакллантирилади, – дейди Пётр Лебедь. – Бу давр координацион қобилиятларни ривожлантириш учун жуда қулайдир. Профессионал йўналиш эса етти ёшдан ўн ёшгача бўлган даврда бошланиб, болаларнинг жисмоний ривожланиши ракеткани тўғри тутиши ва техник элементларни ўзлаштириши учун асосий давр ҳисобланади. Катталар ва кексалар учун эса ёш чекловлари йўқ бўлиб, дунё тажрибасида эллик ёшдан кейин ҳам соғлиқни сақлаш ва фаол ҳаёт тарзини давом эттириш мақсадида теннис ўйнашни бошлайдиганлар жуда кўп.
“Теннис спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур Президент қарори мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, ёшларни жисмоний баркамол этиб тарбиялаш ҳамда халқаро майдонларда юксак марраларни эгаллаган спорт давлатлари қаторига қўшилиш йўлидаги яна бир стратегик қадамдир. Мактаблардан бошлаб теннис спорт турини оммалаштириш, тренерлар ва спортчиларни муносиб рағбатлантириш сингари қўллаб-қувватлаш келгусида Ўзбекистонни жаҳон теннис ареналарида ўз сўзини айтадиган қудратли давлатга айлантириши шубҳасиз.
Моҳигул Қосимова, ЎзА