Ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган семинар-тренинг
Инклюзив ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг ота-оналарининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бугунги кунда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) молиявий кўмагида “Оролбўйи ҳудудида инклюзив ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак, Чимбой, Хўжайли, Амударё ва Нукус туманларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва ёшлар учун ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этилди.

Тадбирлар давомида ногиронлиги бўлган шахслар учун қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар ойлик даромадининг белгиланган қисми, яъни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваригача бўлган қисми даромад солиғидан озод этилиши ҳақида маълумот берилмоқда. Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун ер солиғи бўйича белгиланган имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиби ва зарур ҳужжатлар ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.

Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам семинар-тренингларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ёшлар дафтари”га киритилган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларга ажратиладиган ижтимоий ёрдамлар ҳақида маълумот берилмоқда.

Жумладан, даволанишга муҳтож ёшларнинг жарроҳлик амалиётисиз даволаниш ва жарроҳлик харажатларини қоплаш, касбий таълим ва олий таълим тўлов-контракт харажатларини қоплаш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш, ҳайдовчилик курсларида ўқиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларнинг турар жой ижараси харажатларини қоплаш каби имкониятлар тушунтирилмоқда. Шунингдек, ногиронлиги бўлган ёшларнинг параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўлкира харажатларини қоплаш ва бошқа ижтимоий ёрдам турларидан фойдаланиш тартиби ҳақида ҳам маълумотга эга бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва иш жойларида зарур шароитлар яратиш бўйича янги имкониятлар тушунтирилмоқда.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматларини ташкил этиш харажатларини қоплаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача субсидия ажратиш белгиланган. Бунда ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг “Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри”га киритилиши, бўш иш ўринлари билан танишиши ва иш берувчиларга мурожаат қилиши тартиби ҳақида ҳам амалий маълумотлар берилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий хизматларга муҳтож фуқароларнинг яшаш шароитини ўрганиш, индивидуал ижтимоий хизматлар режасини тузиш ва зарур хизматларни ташкил этиш тартиби белгиланган. Фуқароларнинг «Инсон» марказлари, маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходимлар ёки 1140 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш имкониятлари ҳам тушунтирилмоқда.
— Тадбирларда иштирокчиларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя, реабилитация ва протезлаш, ногиронликни электрон тарзда белгилаш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартиби бўйича батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Саховат ва кўмак” тизимлари орқали ижтимоий ёрдам олиш, зарур ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, мурожаатларни расмийлаштириш ва давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби тушунтирилмоқда, — дейди Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Жаббар Нарбаев.
Ушбу семинар-тренинглар аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш билан бир қаторда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қилиш, давлат хизматларидан фойдаланиш, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири