Ёшлар ва аҳоли мурожаатлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилди
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Хўжайли туманида сайёр қабул ўтказилиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ижтимоий масалаларини ҳал этишга қаратилган чоралар кўрилди.
Тадбирда 300 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилди.

Сайёр қабулда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, туман мутасадди ташкилотлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёзли кредит ва субсидиялардан фойдаланиш, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар ҳамда маҳаллалар инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Сайёр қабул билан бир қаторда ташкил этилган меҳнат ярмаркасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар, солиқ, суд ва адлия идоралари, Давлат хизматлари маркази ҳамда коммунал ташкилотлар вакиллари аҳолига тегишли тушунтириш ва маслаҳатлар берди.

Мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларни иш билан таъминлаш ва уларнинг мустақил даромад манбаини яратишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат ярмаркаси орқали 10 нафарга яқин фуқаро доимий иш ўрнига жойлаштирилди. Бир қатор иш изловчиларга эса мавжуд бўш иш ўринлари бўйича йўлланмалар берилди.
Ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 8 нафар фуқарога пайвандлаш ускуналари ва болгаркалар топширилди. Шунингдек, 50 нафарга яқин фуқарога ссуда ва имтиёзли кредитлар асосида мотокультиваторлар, тикув машиналари, оверлоклар, газ плиталари, совутгич, телевизор, мини-печ, фотоаппарат, писта қадоқлаш ва бодроқ тайёрлаш ускуналари каби зарур жиҳозлар ажратилди. Бу имкониятлар фуқароларнинг ўз меҳнат фаолиятини бошлаши, оилавий даромадини ошириши ва кичик бизнесини ривожлантириши учун хизмат қилади.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Хўжайли туманида Ёшлар дафтари жамғармаси томонидан 10 нафар ёшга иссиқхона қуриш, пайвандлаш ишлари билан шуғулланиш, гўзаллик салони ва сартарошхона фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур маблағларни олишга мўлжалланган ваучерлар топширилди.

Сайёр қабул давомида кўтарилган масалаларнинг бир қисми жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар эса масъул ташкилотларга йўналтирилди. Уларнинг ижросини назорат қилиш фуқаролар мурожаатларига тизимли ёндашиш ва натижадорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги бундай учрашувлар аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш имконини беради. Айниқса, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фуқароларнинг ўз меҳнати орқали даромад топишига шароит яратиш дастурнинг амалий вазифаларидан биридир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири