Қуёшли хонадонларга 772 млн сўм субсидия ажратилди
Сўнгги вақтларда Сирдарё вилояти аҳолисининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга бўлган қизиқиши изчил ортиб бормоқда. Агар бир йил муқаддам вилоятда қуёш батареялари билан таъминланган хонадонлар сони 700 та атрофида бўлган бўлса, бугунги кунда улар сони 1 805 тадан ошгани кузатилмоқда.
Энг муҳими, “Қуёшли хонадон”ларга ўрнатилган панеллар орқали ишлаб чиқарилиб, электр тармоқларига узатилган энергия учун давлат бюджетидан жами 772 миллион сўмдан зиёд субсидия маблағлари тўланди.
Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, субсидия маблағларининг энг катта қисми Гулистон шаҳри, Ховос ва Гулистон туманларига тўғри келган. Хусусан, Гулистон шаҳрида 128 миллион сўм, Ховос туманида 115 миллион сўм, Гулистон туманида эса 97 миллион сўм субсидия ажратилган.

Маълумки, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилган “Қуёшли хонадон” дастури аҳолини муқобил энергия манбаларига ўтишга рағбатлантиришга қаратилган муҳим механизм ҳисобланади. Дастур доирасида фуқаролар томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилиб, ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.
– Субсидия ажратиш жараёни анча соддалаштирилиб, тўлиқ рақамлаштирилди. Хусусан, фуқаролар “Солиқ” мобил иловасининг “Кешбек ва имтиёзлар” бўлимидаги “Қуёшли хонадон” хизмати орқали субсидия маблағларини ўз банк карталарига тўғридан-тўғри ўтказиб олиш имкониятига эга. Энг муҳими, бу орқали ортиқча ҳужжатбозликка барҳам берилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Рустам Анорқулов.

Мазкур тизим икки томонлама манфаатни таъминлайди: бир томондан, аҳоли электр энергияси харажатларини қисқартиради ва ортиқча ишлаб чиқарилган энергияни даромад манбаига айлантиради, иккинчи томондан эса мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш, электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этишга хизмат қилади.
– Қайд этиш жоизки, бундай рағбатлантириш чоралари натижасида Сирдарё вилоятида “қуёшли хонадон”лар сони сезиларли даражада ортмоқда. Бу эса келгусида ҳудуднинг энергетик салоҳиятини мустаҳкамлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Рустам Анорқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири