Туркий давлатлар ҳамкорлиги: барқарор тараққиёт сари муштарак қадамлар
2026 йил 30 октябрь куни Анқарада «Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити бўлиб ўтди. Унда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш, инвестициявий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Мазкур саммитнинг аҳамияти ҳақида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев қуйидагиларни гапириб берди:
— Бугунги дунёда минтақавий ҳамкорликнинг самарадорлиги фақат савдо айланмаси, инвестициялар ҳажми ёки имзоланган келишувлар сони билан белгиланмайди. Мамлакатлар ўртасидаги шерикликнинг ҳақиқий аҳамияти унинг аҳоли фаровонлиги, иқтисодиёт рақобатбардошлиги, экологик хавфсизлик ва келажак авлодлар имкониятларига қўшган ҳиссасида намоён бўлади.
30 октябрь куни Анқара шаҳрида «Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида илгари сурилган ташаббуслар айнан шу жиҳатдан эътиборга молик.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ташкилотни ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида баҳолаб, иқтисодий интеграция, саноат кооперацияси, транспорт, туризм, таълим ва экологик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдирди.
Ушбу ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, улар туркий давлатларнинг тарихий-маданий яқинлигини замонавий иқтисодий тараққиёт ва инсон фаровонлиги билан боғлашга қаратилган. Бу эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартиби билан ҳам бевосита уйғунлашади.
Саммитда билдирилган муҳим таклифлардан бири «Туркий дунё – 100» дастурини қабул қилиш ташаббусидир. Мазкур дастур юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олиши назарда тутилмоқда. Уларни амалга оширишда Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молиявий институтлар ресурсларидан фойдаланиш, нодир ва стратегик минералларни чуқур қайта ишлаш, «яшил» энергетика ускуналарини маҳаллийлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият бериш таклиф этилди.
Бу ташаббус БРМнинг муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишга оид 8-мақсади, саноат ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган 9-мақсади ҳамда масъулиятли ишлаб чиқаришни назарда тутувчи 12-мақсади билан узвий боғлиқ. Айни пайтда қўшма лойиҳаларнинг натижадорлигини фақат инвестициялар ҳажми билан эмас, балки яратилган иш ўринлари, технологик янгиланиш, маҳаллий корхоналар иштироки ва ресурслар самарадорлиги орқали баҳолаш муҳим.
Президентимиз томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тижорат ишларида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда электрон ҳужжат алмашинувини ривожлантириш бўйича илгари сурилган таклифлар ҳам ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг Ўрта коридор ва унга туташ транспорт йўлакларини яхлит иқтисодий тизимга айлантириш ҳақидаги ташаббуси алоҳида аҳамиятга эга. Шу мақсадда «Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи»ни ташкил этиш ва уни биргаликда бошқариш таклиф қилинди.
Бундай ёндашув транспорт йўлакларини фақат юк ташиш маршрути эмас, балки саноат, савдо, инвестиция ва рақамли хизматларни ўзаро боғловчи иқтисодий макон сифатида ривожлантириш имконини беради. Ўзбекистон учун бу ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш, транспорт харажатларини камайтириш ва янги бозорларга чиқишни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим.
Саммитда «Туркий туризм альянси»ни ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. Президент келтирган маълумотларга кўра, 2025 йилда туркий давлатларга 100 миллиондан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Тарихий шаҳарлар ва маданий мерос объектларини қамраб олувчи қўшма туристик йўналишлар ҳудудларда кичик бизнес, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириши мумкин.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида кўп томонлама битим ишлаб чиқиш, ID-карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш ва чегарадан ўтиш тартибларини соддалаштириш ташаббуси халқлар ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилиши мумкин. Ушбу йўналишлар БРМнинг иқтисодий ўсишга оид 8-мақсади, барқарор шаҳарлар ва маданий меросни муҳофаза қилишга доир 11-мақсади ҳамда ҳамкорликка бағишланган 17-мақсади билан уйғунлашади.
Анқара саммитида таълим ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон стипендияси» доирасида 500 нафар хорижлик талабага грант асосида таълим олиш имконияти яратилганини таъкидлаб, туркий давлатлар вакилларига ҳар йили 200 та таълим гранти ажратишга тайёрлик билдирилди.
Бу ташаббус БРМнинг сифатли таълимга оид 4-мақсади билан боғлиқ бўлиб, келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, технологик ҳамкорлик ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.
Экологик йўналишда ҳам муҳим янгилик қайд этилди. Давлатимиз раҳбари 2027 йилни Туркий давлатлар ташкилоти доирасида «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирди. Келгуси йилнинг устувор экологик вазифаларини Анталияда ўтадиган COP31 конференцияси доирасида тегишли вазирлар учрашувида муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур йўналиш сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, ерлар деградациясининг олдини олиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятли. Бу вазифалар БРМнинг 6-, 7-, 13- ва 15-мақсадлари билан бевосита боғлиқ.
Анқара саммитида илгари сурилган ташаббуслар туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги амалий босқичга олиб чиқиш имкониятларини очмоқда. Бироқ, уларнинг узоқ муддатли самараси аниқ дастурлар, молиялаштириш механизмлари ва натижадорлик кўрсаткичларига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, ташкилот доирасидаги устувор лойиҳаларни БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тизимли боғлаш мақсадга мувофиқ. Жумладан, «Туркий дунё – 100» дастури доирасида бандлик ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини, логистика лойиҳаларида вақт ва харажатларнинг қисқаришини, туризмда маҳаллий иқтисодиётга қўшилган ҳиссани, таълимда грантлар қамровини, экологик дастурларда эса ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш мумкин.
Бу борада Туркий давлатлар ташкилоти доирасида БРМ бўйича ихтиёрий эксперт мулоқотини йўлга қўйиш, миллий тажрибалар алмашиш ва қўшма лойиҳалар натижадорлигини мавжуд халқаро индикаторлар асосида таҳлил қилиш фойдали бўлар эди.
Ўзбекистоннинг БРМни миллий тараққиёт устуворликлари билан уйғунлаштириш тажрибаси ҳам ушбу жараёнга амалий ҳисса қўшиши мумкин. Зеро, туркий давлатлар ҳамкорлигининг ҳақиқий қиймати фақат қабул қилинган ҳужжатлар ёки иқтисодий кўрсаткичларда эмас, балки янги иш ўринлари, сифатли таълим, экологик хавфсизлик ва аҳоли фаровонлигида намоён бўлади.
Тарихий ва маданий бирликни аниқ, ўлчанадиган тараққиёт натижалари билан мустаҳкамлаш туркий давлатларнинг муштарак келажаги учун муҳим вазифадир.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.