Прокуратура органлари ходимлари “Заковат”да баҳслашди
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан “Заковат” интеллектуал мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи ўтказилди.
Ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, билим ва тафаккурини синовдан ўтказиш, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ҳамда жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур интеллектуал беллашувда прокуратура органларининг 12 та жамоаси иштирок этди. Улар турли йўналишлардаги қизиқарли ва мураккаб саволлар орқали ўз билими, дунёқараши, мантиқий фикрлаш ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини намоён этдилар.

Мусобақа давомида жамоалар ўртасида қизғин ва муросасиз баҳслар кечиб, иштирокчилар нафақат ўз билимларини синовдан ўтказдилар, балки ўзаро тажриба алмашиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ҳам мустаҳкамладилар.

Бундай интеллектуал тадбирлар ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, жамоада дўстона муҳит ва соғлом рақобатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири