Қорақалпоғистонда кунига 0,75 минг тонна чиқиндини термик усулда қайта ишлаш орқали 90 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида қаттиқ чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Инвестор – China Sciences Environmental Protection Technology (Hong Kong) International Co., Ltd (CSET (НК))" компанияси (Хитой Халқ Республикаси) ва Лойиҳа компанияси 2026-2028 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 80 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда кунига 0,75 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 90 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилишини таъминлайди.
Лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида экосаноат зоналарига туташ ҳудудлар ҳамда Лойиҳа доирасида ҳаво электр узатиш тармоқлари ва электр инфратузилмаси қурилмаларини қуриш учун зарур бўлган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Агентликка ўтказилади. Агентлик ва "Ўзэнергосотиш" АЖга:
а) Лойиҳа компанияси билан биргаликда Лойиҳани амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компанияси ва бошқа маслаҳатчиларни "таклиф сўрови" харид қилиш тартиб-таомили орқали жалб қилишга;
б) Лойиҳа доирасида уч ой давомида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олиш, чиқиндиларни етказиб бериш мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига республика банкларида тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивлар очишга рухсат берилади.
Лойиҳа компаниясига барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда Лойиҳани молиялаштириш доирасида:
а) кредит олиш, чет эл валютасида маблағлар олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;
б) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган чет эл пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки чет эл кредиторларига тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш ҳуқуқлари берилади.
Лойиҳа доирасида:
а) инфратузилма объектларини қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги "Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4929-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
б) инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги "Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5101-сон қарорида белгиланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
в) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Агентлик, "Ўзэнергосотиш" АЖ ва "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга Инвестор томонидан Лойиҳани амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Лойиҳани молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилади;
г) зарур ер участкалари ҳамда унга туташ ҳудудларда ҳаво электр узатиш тармоқлари ва электр инфратузилмаси қурилмаларини қуришда Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик (тоифаси ўзгартирилганлиги) учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрни (компенсация тўловлари) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаб берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бир ой муддатда Нукус тумани "Тақиркўл" ОФЙ ҳудудидан 30 гектар ер майдони экосаноат зонаси ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Агентликка ажратиб берилади.
ЎзА