Қабул жараёнига бағишланди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2026-2027-ўқув йили учун қабул жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, институтда жорий йилги қабул жараёнидаги асосий янгиликлардан бири бакалавриатнинг мактабгача таълим йўналишида дуал таълимнинг йўлга қўйилаётганидир. Бунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар ҳафтада бир кун институтда, беш кун мактабгача таълим ташкилотида тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, институтда янгидан сунъий интеллект, антропология ва этнология бакалавр таълим йўналишлари, катталар таълими (андрагогика), ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш методикаси (ҳуқуқ таълими), тарих магистратура мутахассисликлари очилмоқда.

Сўзга чиққанлар жорий йилда давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни 2 босқичда амалга оширилиши, алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун касбий (ижодий) имтиҳонлар институтнинг ўзида, шунингдек, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ажратилган жойларда ўтказилиши белгиланганлиги, уларни ташкил этиш бўйича юқори даражада тайёргарликлар олиб борилаётганлиги ҳақида таъкидлади.

Қабул жараёнини юқори даражада ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига муҳим маслаҳатлар, ҳуқуқий йўл-йўриқлар, соҳадаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида институтда қабул комиссияси ва унинг таркибида колл-маркази фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳамда доимий ишлаб турганлиги бўйича маълумот берди.
Тадбирда қабул жараёнидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Тадбир якунида институт ректори в.б. Қувондиқ Қодиров барча иштирокчи журналистлар ва соҳа фидойиларини касб байрами билан табриклаб, ижодий ишларида муваффақиятлар тилади. Мамлакатимизда олий таълим соҳасида, жумладан, институтда амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар натижаларини халқимизга юксак ижодий маҳорат билан етказишда фидокорона хизмат қилаётган журналистлар, техник ходимлар, блогерларга институт ректорати ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тайёрланган байрам совғалари, фахрий ёрлиқлар топширилди. Ўз навбатида, ижодкор касб эгалари кўрсатилаётган бундай эътибор учун институт жамоасига миннатдорлик билдиришди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири