Партия фаолияти таҳлил қилинди
Жойларда партия ташкилотлари фаолияти қай даражада самарали йўлга қўйилган? Аҳоли билан мулоқот, ижро интизоми ва ташкилий ишлар бугунги талабларга қай даражада жавоб беради? Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси вазифасини бажарувчиси Озода Парпибоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида бўлиб, ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини жойларга чиққан ҳолда ўрганди.
Ишчи гуруҳ таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Жонибекова ҳамда партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши масъуллари иштирок этишди.
Дастлаб вилоят Кенгаши, шунингдек, Сайхунобод ва Гулистон туман кенгашларида ташкилий ишлар, ҳужжатлар юритилиши, ижро интизоми, бошланғич партия ташкилотлари фаолияти ҳамда моддий-техник база ҳолати ўрганилди. Мақсад фақат камчиликларни аниқлаш эмас, балки жойларда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш ва партия ишини янада такомиллаштиришдан иборат бўлди.
Сайхунобод туманидаги ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ ижтимоий соҳа объектлари, тиббиёт муассасалари ҳамда маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида ташкил этилган учрашувда соҳадаги мавжуд муаммолар, муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Гулистон маҳалласи "еттилиги" билан бўлиб ўтган мулоқотда эса мамлакатимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар хусусида фикр алмашилди. Учрашувлар давомида аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳнинг Гулистон туманидаги ўрганишлари ҳам амалий руҳда кечди. Ҳудудий кенгашлар фаолияти, бошланғич партия ташкилотларининг иш услуби, партия аъзолари билан ишлаш тизими ҳамда дастурий вазифалар ижроси атрофлича таҳлил қилинди.

Гулистон туман тиббиёт бирлашмасида шифокор ва ҳамширалар билан ўтказилган мулоқотларда аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, жамоатчилик назорати ва сиёсий-ҳуқуқий тарғибот ишларининг ижроси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилаётган 1400 нафарга яқин ходимнинг қарийб 80 фоизи “Адолат” социал-демократик партияси аъзоларини ташкил этади. Бу эса бошланғич партия ташкилотининг жамоадаги ўрни ва масъулиятини янада оширади.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Деҳқонобод шаҳарчасидаги 9-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, таълим-тарбия жараёни учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши котибияти аъзолари билан ўтказилган мулоқотларда эса маҳаллий Кенгашлар ва партия ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Ўрганишлар якунида ҳудудий кенгашлар ва бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини жойларда изчил амалга ошириш бўйича аниқ тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири