Матбуот ва ОАВ вакилларига эҳтиром кўрсатилди
Навоий вилояти ҳокимлигида 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги пайтда масъулият янада кучайиб, профессионал ёндашув, тезкорлик ва холисликни талаб этмоқда. Боиси дунё шиддат билан ўзгариб, барча соҳаларда ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланиб бўлди. Бу ўз-ўзидан ҳар бир қалам аҳли олдига янгидан-янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Юртимизда рўй бераётган ўзгаришларнинг эркин минбари ва халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айланган матбуот эндиликда давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиясининг муҳим қисми сифатида фаолият юритмоқда.
Қайд этиш керак, айни пайтда Навоий вилоятида 19 та босма нашр, 1 та давлат телерадиоканали ва 1 та ННТ медиа маркази, 10 га яқин интернет нашр мавжуд. Шунингдек, 15 нафар республика ОАВларининг вилоят бўйича мухбирлари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, бугун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотларда ахборот хизматлари самарали фаолият юритмоқда.

Айни пайтда оммавий ахборот воситалари вакилларининг 1 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, 1 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 4 нафари “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари нишондорлари, 1 нафари “Соғлом турмуш” медали, 4 нафари эса “Шуҳрат” медали совриндорлари ҳисобланишади.
– Оммавий ахборот воситалари жамият кўзгуси, ахборот ва сўз эркинлигини таъминловчи ҳамда содир бўлаётган жараёнларга холис ва ҳаққоний ёндашувчи муҳим восита сифатида бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди, – дейди ““Соғлом турмуш” медали соҳиби Иброҳим Жумаев. – Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда давлат бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қолаверса аҳолининг мавжуд муаммоларини кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишда журналистларнинг роли ошиб бормоқда. Буни эса оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган таҳлилий материаллар, журналистик текширув ишлари ва танқидий кўрсатувлар сони ортиб бораётганидан билиб олиш мумкин. Энг муҳими, раҳбар ва мутасаддиларнинг замон талаблари асосида ишлаши оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси деб билишига ундамоқда.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ ОАВ вакиллари, фахрий журналистлар ва блогерларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари