Осойишталикни асраш, қадрига етиш керак (+видео)
Тинчлик ва осойишталик бор экан, ҳар биримиз хотиржам яшаб, ўз мақсадларимизни амалга оширамиз.
Дунёда кечаётган нотинчлик ва беқарор муҳитга назар солинса, бунинг қадрини яққол англаш мумкин.
Аммо, мамлакатда тинчлик ва осудаликни сақлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу мақсад йўлида юритимизда Президентимиз раҳбарлигида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи омиллар билан ишлаш йўлга қўйилди. Маҳаллалар кесимида ҳар чораклик манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, маҳалла - туман - вилоят даражасида ижроси учун бевосита масъул раҳбарлар бириктирилди.
Бу жараён Олий Мажлис Сенатининг ҳам доимий эътиборида бўлиб, жорий йил бошидан бери сенаторлар ҳудудларда, хусусан, ҳар бир туманда бўлиб, қарор ижроси таъминланиши бўйича ўрганишлар олиб борди. Айниқса, ёшлар, болалар ҳаёти ҳимояси, уларни турли салбий иллатлар, хусусан, гиёҳвандликдан ҳимоя қилишни кучайтириш эътибор марказида бўлди.
Шу каби амалга оширилаётган ишлар ҳақида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов билан суҳбатлашдик:
– Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир ҳудудга масъул раҳбарлар бириктирилган бўлиб, Сенат ва парламент зиммасига ҳам жойлардаги ҳолатни ўрганиш ва амалий кўмак бериш вазифаси юклатилган.
Шу асосда менга бириктирилган Бектемир, Янгиҳаёт ва Миробод туманларида мунтазам ўрганишлар олиб бордик. Туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, депутатлар, фаоллар, ёшлар ва аҳоли билан учрашиб, мавжуд вазиятни таҳлил қилдик.
Энг муҳими, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалий натижалари яққол кўзга ташланди. Хусусан, узоқ йиллар давомида мураккаб криминоген вазият сақланиб келган Бектемир туманидаги айрим маҳаллаларда аҳвол сезиларли даражада яхшиланиб, улар «қизил» тоифадан чиқарилди. Бу жуда катта натижа.
Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, жорий йилнинг биринчи чорагида Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида оилавий-маиший низолар асосида оғир жиноятлар қайд этилмади. Бугунги кунда энг ташвишли жиноятлардан бири айнан қариндошлар ўртасида мулк, ер ёки бошқа масалалар туфайли содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ҳисобланади. Мазкур туманларда бундай ҳолатларнинг олди олингани профилактика ишлари самарасини кўрсатади.
Шунингдек, ушбу туманларда аёллар, маст ҳолатдаги шахслар ва ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам қайд этилмаган. Ваҳоланки, Бектемир ва Янгиҳаёт Тошкент шаҳрини вилоят билан боғлайдиган, аҳоли оқими юқори бўлган ҳудудлар қаторига киради.
Мазкур туманларда халқ депутатлари кенгашларининг навбатдаги сессиялари Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси иштирокида ўтказилди. Унда ички ишлар органлари ва прокуратура раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Қувонарлиси, маҳаллий кенгаш депутатлари жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот масалалари юзасидан мутасаддиларга аниқ ва талабчан саволлар билан мурожаат қилди.
Масалан, Бектемир туманида бир неча йил аввал ўрнатилган видеокузатув камераларининг айримлари ишламаётгани масаласи кўтарилди. Депутатлар халқ маблағи ҳисобига ўрнатилган ушбу тизимлардан тўлиқ фойдаланиш, уларни замонавий кузатув воситалари билан интеграция қилиш ва масъул ташкилотларнинг жавобгарлигини аниқлаш талабини қўйди. Бу бўйича мутасаддиларга тегишли вазифалар ва муддатлар белгиланди, ижроси назоратга олинди.
Амалга оширилаётган бу каби ишлар бир мақсадга – халқимиз осойишталиги, жамоат хавфсизлиги ва юрт тинчлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uX27DrNp_1Y" title="Osoyishtalikni asrash, qadriga yetish kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Дониёр Ёқубов (видео), Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА