Миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатига ўзгартириш киритилди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур қарорга кўра, 2026 йил 21 январь санасига қадар 120 баллик тизим асосида олинган, ушбу санадан кейин 6 (120) баллик тизим асосида олинган (олинадиган) Test of English as a Foreign Language – TOEFL iBT халқаро сертификати учун унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар умумий ўрта, ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълимга ўқишга кириш, ишга қабул қилиш ҳамда устамалар белгилаш бўйича имтиёзлар қўлланилади.

Жумладан, Teaching Knowledge Test (TKT) халқаро сертификати учун устама белгиланишида барча (3 та) модуллардан охирги топширилган модулнинг санаси асос сифатида ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, касбий таълим ташкилотларининг педагоглари хорижий тилда махсус фанларни ўқитгани учун уларнинг лавозим маошига нисбатан миллий ва халқаро тан олинган B2 сертификати учун 50 фоиз, C1 сертификати учун 100 фоиз миқдорда ҳар ойлик устамалар берилади.

2026 йил 3 июнь санасига қадар 700 баллик тизим асосида олинган Scholastic Assessment Test (Digital SAT) сертификати бўйича устамалар белгилаш юзасидан имтиёзлар унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар қўлланилади.
Шунингдек, 2026 йил 3 июнь санасига қадар олинган Astrum Certified IT Educator миллий сертификати учун унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар (муддати чекланмаган (белгиланмаган) сертификатлар учун сертификат олинган кундан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида) умумий ўрта, ўрта махсус, касбий таълим муассасаларида устамалар белгилаш бўйича имтиёзлар қўлланилади. Бунда, 2026 йил 3 июнь санасидан кейин олинган юқоридаги сертификат учун устамалар белгилаш бўйича имтиёзлар қўлланилмайди.
Г.Бобоева,
ЎзА