20 номдаги китоб мамлакатимиз кутубхоналарига тарқатилмоқда
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ўтказилаётган “Ташаббуслар марафони” доирасида “Китоб ҳашари” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов, “1000 китоб” лойиҳаси таржимонлари, экспертлари, ҳамкор нашриётлар вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Иштирокчилар лойиҳа таржимонлари ва экспертлари билан мулоқот қилиб, китоблар яратилиши ортидаги меҳнат ва тажрибалар билан яқиндан танишди.
Ҳашар давомида “1000 китоб” лойиҳаси доирасида чоп этилган навбатдаги 20 номдаги китоб ҳудудларга жўнатишга тайёрланди. 59 минг нусхада нашр этилган ушбу асарлар яқин кунларда юртимиз кутубхоналарига етиб боради.

Шунингдек, тадбир доирасида китобхонликка оид викторина ташкил этилди. Фаол иштирок этган ёшлар рағбатлантирилиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Китоб ҳашари” тадбири доирасида тайёрланган китоблар карвони Тошкент вилоятига етиб борди.

“1000 китоб” лойиҳаси доирасида нашр этилган жаҳон адабиётининг сара дурдоналари, илмий-оммабоп ва мотивацион асарлар эндиликда мамлакатимиз кутубхоналари ҳамда ёш китобхонлар учун хизмат қилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА