Европада маълумотлар иқтисодиёти тўсиққа учради
Европада маълумотлар (data) иқтисодиёти улкан қиймат яратаётган бўлса-да, соҳа ривожи жиддий муаммога дуч келмоқда. Ҳисоб-китобга кўра, айни йўналишдаги маблағ 500 миллиард еврога яқинлашган, бозор қийматининг ўзи 2025 йил 115 миллиард еврога етди, 2030 йилга бориб 148 миллиардга чиқиши кутиляпти. Бинобарин, қонунчиликдаги ноаниқлик ўсишни секинлаштиряпти.
Асосий сабаб GDPR қоидалари турлича талқин қилиниши билан боғлиқ. Европа давлатлари бир хил қонунни ҳар хил тушуниши компанияларга қийинчилик туғдиряпти. Айниқса, кичик ва ўрта бизнес бу мураккаб тизимда йўл топа олмаяпти. Йирик корхоналар эса ресурс ёрдамида муаммони осон ҳал қиляпти.
ЕИ масалани ҳал қилиш учун “Digital Omnibus” ислоҳотини таклиф қилган. Мазкур ташаббус қоидани соддалаштириш ва бизнес учун аниқлик ҳосил қилишга қаратилган. Айрим сиёсий ва ҳуқуқий омиллар сабаб ўзгариш жараёни сусайтирилди. Натижада компаниялар яна ноаниқ муҳитга тушиб қолишди.
Мутахассислар фикрича, гап фақат қонунчиликда эмас, балки муайян меъёрни қўллашда ҳам. “European Data Protection Board” тавсия беради. Мажбурий эмаслиги туфайли таклиф кечроқ қабул қилиниши мумкин. Яъни, бизнес учун ҳуқуқий хавф камаймайди. Шу тариқа корхоналар вазиятга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Европа олдидаги асосий савол жавобсиз: махфийликни муҳофаза қилиш ва инновацияни қўллаб-қувватлаш ўртасида мувозанат борми? Шу муаммо ҳал қилинмас экан, кўҳна қитъа дунёвий рақобатда ортда қолиши эҳтимоли мавжуд. Зеро, сунъий интеллект даврида маълумотлар иқтисодиёти стратегик аҳамият касб этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА