АҚШ Ҳурмуз бўғозида кема ҳаракатини тиклаш учун коалиция тузмоқчи (+видео)
АҚШ Ҳурмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини қайта тиклаш мақсадида халқаро коалиция тузиш ниятида, деб хабар берди Euronews.
Бу ҳақда Пентагон маълум қилди. Бу коалиция хавфсиз денгиз қатновини таъминлаш учун реал вақтда маълумот бериш, хавфсизлик бўйича йўриқномалар тақдим этиш ва мувофиқлаштириш ишларини амалга оширади.
Пентагон маълумотига кўра, Эрон билан музокаралар тўхтаб қолгани сабабли Ҳурмуз бўғози ҳозирча ёпиқлигича қолмоқда. Шунинг учун АҚШ мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, коалиция хавфсиз кемачиликни таъминлаш учун аниқ чоралар кўради. У АҚШ элчихоналари орқали бошқа давлатларни ҳам ушбу ташаббусга қўшилишга чақирувчи дипломатик мурожаатлар юборилганини тасдиқлади.
The Wall Street Journal нашри хабар беришича, бу коалиция Давлат департаменти ва АҚШ Марказий қўмондонлигининг қўшма ташаббуси бўлади. У Вашингтонда жойлашган ҳолда дипломатик ҳамкорлик маркази сифатида фаолият юритиб, ҳамкор давлатлар ва тижорат ташувчилари ўртасида алоқани йўлга қўяди.
Ҳисоботда қайд этилишича, бундай жамоавий ҳаракатлар Эроннинг бўғоз орқали транзитга тўсқинлик қилиш ҳаракатларига қарши бирлик ва қатъиятни намоён этиш учун зарур.
Айни пайтда Буюк Британия ва Франция ҳам алоҳида денгиз ташаббуси бўйича музокараларга етакчилик қилиб, 50 га яқин давлат вакиллари билан учрашув ўтказди.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба берганидан сўнг, Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпди. Бу йўл орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган газининг қарийб бешдан бир қисми ташилар эди. Бу ҳолат дунё бозорида энергия нархларининг кескин ошишига олиб келди.
13 апрель куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Эрон портларига нисбатан блокада жорий қилди. Бу чоралар Эроннинг бутун соҳил чизиғини қамраб олади.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ блокадасини “муваффақиятсизликка маҳкум” деб баҳолаб, бундай чоралар минтақадаги барқарорликни бузиши ва кескинликни оширишини айтди.
Эрон раҳбарияти вакилларидан бири Можтаба Ҳумонаий эса АҚШни ушбу қарама-қаршиликда мағлуб бўлганини таъкидлаб, минтақада янги босқич бошланаётганини билдирди.
У АҚШ ҳарбий базалари ҳатто ўз хавфсизлигини ҳам таъминлай олмаётганини айтди. Шунингдек, у Эрон Ҳурмуз бўғози устидан янги ҳуқуқий бошқарувни йўлга қўяётганини ва бу минтақа давлатлари учун барқарорлик ва тараққиёт олиб келишини қайд этди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xwiU_KgHNrw" title="AQSh Hurmuz bo`g`ozida kema harakatini tiklashuchun koalisiya tuzmoqchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА