Трамп Нобель мукофотини оладими?
2026 йил учун шакллантирилган тинчлик бўйича Нобель мукофоти номзодлари рўйхатида кутилмаган номлар, зиддиятли шахслар борлиги жамоатчиликда жиддий қизиқиш уйғотмоқда.
Нобель қўмитаси котибияти маълумотига кўра, жорий йил жами 287 номзод кўриб чиқилади: 208 нафар жисмоний шахс, 79 ташкилот. Бу ҳақда “Reuters” хабар берган. Энг кўп муҳокама қилинаётган даъвогар – АҚШ Президенти Дональд Трамп. Эксперт Кристиан Берг Харпвикен таъкидлашича, Трамп номзоди ҳали тўлиқ тасдиқланмаган.
Америка етакчисини ушбу нуфузли совринга Камбожа, Исроил ва Покистон давлатлари раҳбарлари тавсия этган. Дарвоқе, 2025 йил Нобель Тинчлик мукофотини қўлга киритган венесуэлалик сиёсатчи Мария Корина Мачадо ўз медалини рамзий маънода Трампга топширгани ҳам эътиборга молик. Бу АҚШ раҳбарининг турли сиёсий баҳсларни бартараф қилишга қўшган ҳиссаси учун берилган рамзий эътироф сифатида баҳоланмоқда.
Даъвогарлар орасида турли йўналишлардаги хизмати учун номзод сифатида кўрсатилган бошқа таниқли шахслар, жумладан Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная, Рим папаси Лео, Суданда фаолият юритувчи “Фавқулодда вазиятларга жавоб бериш бўлими” кўнгилли гуруҳи, шунингдек АҚШ сенатори Лиза Мурковски ва Дания парламенти аъзоси Аая Кемнитс бор.
Анъанага кўра, тинчлик бўйича Нобель мукофоти ғолиби 9 октябрь куни эълон қилинади. Расмий тақдирлаш маросими эртасига бўлиб ўтади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА