Энг яхши 50 та таклифга мукофот берилади: «Бюрократиясиз Ўзбекистон» жамоатчилик ташаббуси эълон қилинди
Давлат хизматлари соҳасида сўнгги йилларда жиддий ўзгаришлар амалга оширилди: кўрсатилган хизматлар сони 61 миллиондан ошди, уларнинг 80 фоизи электрон шаклга ўтказилди. Бироқ ортиқча тартиб-таомиллар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Бугунги кунда республика давлат органларида 5 минг 650 та функция, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 42 мингдан ортиқ мажбурий талаб ҳамда 1 минг 41 та давлат хизмати мавжуд. 2026 йил 21 сентябрь куни ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ана шу тизимли тўсиқларни бартараф этишга қаратилган «Бюрократияни бартараф этиш — 2030» дастури ва унинг доирасидаги «Бюрократиясиз Ўзбекистон» жамоатчилик ташаббуси амалга оширилади.
Асосий мезон — халқни рози қилиш
Бошқарув концепциясининг марказида «фуқаро давлатга эмас, давлат фуқарога хизмат қилиши керак» деган қатъий тамойил турибди. Шу пайтгача кўрсаткичлар кўп ҳолларда идораларнинг ички қоғоз ҳисоботлари билан ўлчанган бўлса, эндиликда асосий эътибор фуқаронинг тежалган вақтига, тадбиркорнинг камайган молиявий харажатларига ҳамда аҳолининг реал қониқиш даражасига қаратилади.
Ислоҳотлар натижасида 2030 йилгача электрон давлат хизматлари улушини 80 фоиздан 95 фоизга етказиш, давлат органларининг такрорланувчи функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган маъмурий талабларни эса 20 фоизгача мақбуллаштириш белгиланган. Ҳозирда анъанавий қоғоз шаклида қолаётган 227 та хизмат тўлиқ рақамли форматга ўтказилади.

Шу билан бирга, фуқаро бир масалани ҳал этиш учун 3–4 та идорага алоҳида мурожаат қилиш амалиётидан воз кечилиб, маълумотларни давлат органларининг ўзи ўзаро алмашадиган композит хизматлар экотизими яратилади. Бугунги кунда бу борда қилинган амалий ишлар ўз сўзини айтмоқда. Масалан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабалар учун тўлов-контракт шартномасини олиш жараёни соддалаштирилди. Энди талабалар ОТМга бормасдан, kontrakt.edu.uz сайти ёки «KONTRAKT EDU» мобил иловаси орқали онлайн ариза бериб, QR-кодли электрон шартномани олишлари мумкин. Ушбу ўзгариш 1,4 миллиондан ортиқ контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга таъсир қилади.
Шунингдек, ётоқхонага жойлашиш ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш жараёнлари ягона композит хизматга бирлаштирилди. Бу орқали ҳар йили камида 150 мингдан ортиқ талаба учун ортиқча мурожаат ва ҳужжатбозлик бартараф этилмоқда.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ёшга доир пенсияни проактив тайинлаш механизми жорий этилди. Бунда фуқародан алоҳида ариза ва ҳужжат талаб қилинмайди. 2026 йил I чорагида 31 463 нафар фуқарога пенсия проактив тарзда тайинланган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишсиз ва иш қидираётган фуқароларга ваучер ажратиш хизмати маҳалла даражасига туширилиб, рақамлаштирилди. Энди фуқаро туман бандлик бўлимига бориш ўрнига маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси орқали мурожаат қилиши мумкин. 2026 йилда 120 минг нафар, 2030 йилгача эса 700 минг нафар фуқарони қамраб олиш режалаштирилган.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ариза топшириш жараёни 5 босқичдан 3 босқичга, ҳужжатлар сони эса 3 тадан 2 тага қисқартирилди. Фотосуратни алоҳида юклаш талаби бекор қилиниб, ариза топшириш вақти 15–20 дақиқадан 5–10 дақиқага туширилди. 2025/2026 ўқув йилида хизматдан 255 мингдан ортиқ фуқаро фойдаланган.
«Бюрократияни бартараф этиш» миллий рейтинги эълон қилинади
Жорий йил якуни бўйича 72 та давлат органи фаолиятига очиқ баҳо берувчи «Бюрократияни бартараф этиш» миллий рейтинги эълон қилинади. Ушбу рейтинг қайси идора амалда ортиқча қоғозбозликдан воз кечаётгани ва қайси бири жараёнларни мураккаблаштираётганини жамоатчиликка кўрсатиб беради.
«Бюрократиясиз Ўзбекистон» ташаббуси учун таклиф беринг ва пул мукофотларини қўлга киритинг
2026 йил 21 сентябрдан 20 ноябргача давом этадиган «Бюрократиясиз Ўзбекистон» ташаббуси бошқарув органлари билан аҳоли ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорлик кўпригини яратишга қаратилган.

Фуқаролар ва бизнес вакиллари murojaat.byurokratiyasiz2030.uz электрон платформаси орқали ўзлари дуч келаётган бюрократик тўсиқлар, ортиқча лицензия талаблари ёки такрорий ҳисоботлар бўйича аниқ таклифларини юборишлари мумкин. Бунда шунчаки эътироз билдириш эмас, балки «муаммо + далил + амалий ечим» формуласини тақдим этиш сўралади.
Барча таклифлар муаллиф маълумотлари яширилган ҳолда, мутасадди вазирликлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари томонидан ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий ва технологик мезонлар асосида баҳоланади.

Саралаш натижасида энг самарали деб топилган 50 та ғоя муаллифлари пул мукофотлари билан тақдирланади, илгари сурилган таклифлар эса тегишли ташкилотлар томонидан амалиётга жорий этилади ҳамда натижа ва реал таъсир мониторинг қилинади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги Ф-68-сон фармойиши билан «Бюрократияни бартараф этиш — 2030» дастури тасдиқланган. Дастур доирасида фуқаролар ва тадбиркорлар учун давлат хизматлари ва бошқарув жараёнларини содда, қулай ва тезкор қилиш мақсад қилинган. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида ушбу йўналиш бўйича алоҳида лойиҳа офиси фаолият юритмоқда.
Умиджон Қурбонов, ЎзА