Зўравонликдан кейинги ҳаёт: аёл ва болалар ҳимоясида янгича ёндашувлар
Зўравонлик муаммоси ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ бўлган жуда жиддий муаммодир.
Айниқса, тазйиқ ва зўравонликка дуч келган хотин-қизлар учун энг оғир ҳолат — нафақат зўравонликнинг ўзи, балки ундан кейинги ҳаётни қандай тиклаш масаласи. Ҳужжатларни қайта тиклаш, алимент ундириш, уй-жой масаласини ҳал қилиш ёки фарзандининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муаммолар жабрланган инсон учун яна бир оғир тўсиққа айланиши мумкин.
Жорий йил 11 сентябрда қабул қилинган “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида бу борада бир қанча вазифалар кўзда тутилган. Хусусан, ҳужжат билан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини ҳимоя қилиш бўйича қатор янги механизмлар белгиланди. Энг муҳими — ёрдам фақат зўравонлик содир бўлган пайт билан чекланиб қолмайди. Жабрланган инсоннинг кейинги ҳаётини тиклаши учун ҳам ҳуқуқий ва ижтимоий кўмак кўрсатиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжатга асосан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун муҳим енгиллик жорий этилмоқда. Улар никоҳ тузилганлиги ва туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномаларни, шунингдек, йўқотилган ID-карта ва паспортларни олганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Яна бир муҳим ўзгариш — жабрланган хотин-қизнинг банк картасини тиклаш билан боғлиқ. Бундан буён “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори томонидан тасдиқланган ишончнома нотариал тасдиқланган ишончномага тенглаштирилади. Бу жабрланган шахснинг банкка мурожаат қилишида ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, Қонун билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсни махсус марказга олти ойгача муддатга жойлаштириш имконияти ҳам мустаҳкамланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу муҳим жиҳат. Чунки зўравонлик акс этган муҳитдан чиқиб кетиш ҳар доим ҳам бир-икки кунда ҳал бўладиган масала эмас. Инсонга хавфсиз жой, психологик тикланиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш учун вақт керак бўлади.
Қонуннинг асосий жиҳатларидан бири — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилаётганидир.
Бу ёрдам фақат бир-икки масала билан чекланмайди. Жумладан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам алимент ундириш, болалар таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш, уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш, оталикни белгилаш ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, боланинг яшаш жойини белгилаш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, никоҳдан ажратиш, мол-мулкни бўлиш, мол-мулкка етказилган зарарни қоплаш, ишга тиклаш ҳамда иш ҳақини ундириш каби ишлар бўйича кўрсатилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши — жабрланган инсоннинг ҳуқуқини қоғозда эмас, амалда ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадамдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА